ТОШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Ўзбекистондан Қозоғистоннинг Мақтаарал туманига 20 дона махсус техника юборилди, деб хабар қилди Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Бу машиналар сув босган ерларга қайта ишлов бериш учун мўлжалланган.
Ўтган ҳафтада Мақтаарал туманидаги сув тошқинидан зарар кўрган аҳоли пунктлари сувдан тўлиқ тозаланганди. Бу ишларда Ўзбекистон ҳарбий ва фавқулодда вазият ходимлари меҳнати алоҳида эътироф этилди.
“Мақтаарал туманидаги сув босган барча аҳоли пунктлари сувдан тозаланди. Ҳокимлик, Қазсувхўж, ФВҚ, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий ва фавқулодда вазият ходимларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли қисқа вақт ичида Сардоба суви зовурлар ва коллекторлар ўзанларига йўналтирилди, бу эса аҳолининг нормал ҳаётга қайтишига имкон берди", - деб ёзди ҳоким ўринбосари Сакен Калкаманов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сардобадаги техноген офат туфайли Қозоғистоннинг жанубий қисмидаги ҳудудлар ҳам зарар кўргани, Ўзбекистон ҳукумати табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшни давлат билан яқиндан ҳамкорлик қилишини айтиб ўтганди.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 200 ортиқ ходими зарур техника билан тошқин оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш учун Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтаарал туманига юборилганди.