ТОШКЕНТ, 25 май – Sputnik. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси айни дамда Россия ҳудудида бўлиб турган ватандошларни қўллаб-қувватлаш учун қатор тадбирларни амалга оширмоқда.
Озиқ-овқат ёрдами
2020 йил 25 мартдан 23 майга қадар Москва шаҳри хостелларида оғир аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларининг яшаши ва овқатланиши тўлаб берилди. Бу мақсадга 5 млн. 720 рубль сарфланди, - дейилган хабарда.
Шунингдек, Россия технологик университети, МИСиС, Миллий тадқиқот технологик университети, Россия давлат туризм ва хизматлар университети, Москва авиация институти, Москва давлат тиббиёт ва стоматология институти, Россия транспорт университети, Россия давлат нефть ва газ университети, Россия давлат халқлар дўстлиги университети, Олий иқтисодиёт мактабиlf таълим олаётган 1000 дан ортиқ талаблара озиқ-овқат етказиб берилди.
Ундан ташқари, ўтган ҳафта давомида элчихонага ёрдам сўраб мурожаат қилган моддий қийин аҳволда қолган 217та оила 2 ҳафталик озиқ-овқат билан таъминланди.
“Меҳр” лойиҳаси
Яқинда ишга тушган “Меҳр” лойиҳаси доирасида Россияда қийин аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларига ёрдам бериш бошланди. Лойиҳа бизнесмен Алишер Усмонов ҳомийлигида ишга туширилган. Лойиҳанинг ташкилий масалалари билан Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси шуғулланмоқда.
“Меҳр” лойиҳаси доирасида 14-22 май орасида 786 нафар ёрдамга муҳтож фуқароларга умумий қиймати 4 890 766 рублга тенг бўлган молиявий ёрдам кўрсатилди. Молиявий ёрдам биринчи навбатда қарамоғида 2 ёки ундан кўп фарзанди бўлган оналарга, ногиронларга, ҳомиладор аёлларга, талабаларга кўрсатилмоқда.
Элчихона изоҳига кўра, Мехр.рф портали бир кунда 1000тагача ариза қабул қилиши имкониятига эга. Бу элчихона ходимлари сони чекланганлиги билан боғлиқ.
Фуқароларни Ўзбекистонга жўнатиш
Элчихона томонидан 12 май ҳолатига Ватанга қайтиш истагини билдирган 55 минг киши онлайн-рўйхатга киритилгани хабар қилинган эди.
Айни дамда элчихона томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россиядан имкон қадар тез муддатда олиб чиқиш мақсадида, 9 нафар ходимдан иборат махсус гуруҳ ташкил этилиб у доимий равишда фуқаролар билан ишлаб келмоқда.
Маълумки, чартер рейсларига биринчи навбатда кекса, касал фуқаролар, ҳомиладор ва болали аёллар, шунингдек, илгари бекор қилинган доимий рейсларга чиптаси бор фуқаролар жойлаштирилади.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консуллиги орқали 1200 та Ўзбекистон фуқаросини Қозоғистон билан чегарага етказиш учун 125 минг рубль миқдоридаги харажатлар қопланди. Ушбу фуқаролар Ўзбекистоннин Нурсултондаги Элчихонаси томонидан ташкил этилган махсус транспортда Қозоғистон Республикаси орқали Ватанимизга қайтарилди.
Россиянинг Москва, Санкт-Петербург ва бошқа йирик шаҳарларидан ташкил қилинаётган чартер парвозлар вақти-вақти билан эълон қилиниб келинмоқда. Пандемия туфайли киритилган чекловлар туфайли уларнинг сони ҳозирча чекланган.