ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Мажбурий ижро бюросининг Учқўрғон туман бўлими томонидан “Ёғду” маҳалласида ўтказган мониторинг давомида ҳуқуқбузарлик ҳолатини аниқладилар.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Н.Шамсиддинованинг яшаш хонадонини тўлов интизомига амал қилиш ҳолати ва энергия ресурсларидан фойдаланиш кўрилганда антиқа ҳолатга дуч келинди.
Фуқаро электр ҳисоблагичдан ташқари кўз илғамас равишда яширин тармоқ тортиб фойдаланиб келган. Ҳозирда ушбу яширин тармоқ орқали таъминотчи корхона манфаатига етказилган зарар аниқланмоқда.
“Туманнинг “Наврўз” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Атабоев ҳам уддабурон истеъмолчилардан бири эканлиги маълум бўлди.
У ҳам тармоқдан фойдаланишни ўғринча усулидан фойдаланиб келгани аниқланди. Гўёки ҳеч ким билмайди деб ҳисоблагичдан ташқари яширин равишда фойдаланиб келган. Мазкур ҳолат бўйича ҳам ҳозирда дастлабки суриштирув ва етказилган зарар ҳисоб-китоб қилинмоқда”, - дейилган хабарда.
МИБ органлари томонидан карантин даврида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича олиб борган тезкор тадбирлари даврида 35,224 минг сўмдан ортиқ зарар етказиш билан 1336 та ҳолат аниқланган (424 таси табиий газ ва 912 таси электр энергия тармоқларидан ноқонуний фойдаланиш бўйича).