ТОШКЕНТ, 23 май - Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 42 нафарга ортиб, 3078 етди, деб хабар қилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Инфекцияга чалиниш ҳолатларининг барчаси чет элдан келган фуқароларда аниқланган.
Жумладан, 2 нафар Тожикистондан келган ва карантин марказига жойлаштирилган фуқароларда коронавирус аниқланган.
Санкт-Петербургдан чартер рейс билан келган 38 нафар ва 2 нафар Қозоғистон орқали Ўзбекистонга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида инфекция аниқлангани айтилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг 2492 нафари (81%) бутунлай соғайган, 573 нафари даволанмоқда. Улардан 4 нафарининг аҳволи оғир.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни янги турдаги COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия, деб эълон қилган эди. БССТ маълумотларига кўра, ҳозирги пайтга қадар дунёда 4,9 миллионта коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари қайд этилган, инфекция қурбонлари сони 327 мингдан ошган.