ТОШКЕНТ, 21 май — Sputnik. Бухородаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши қурбон бўлди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ЙТҲ 19 май куни Қоракўл туманидан ўтувчи 4Р-76 йўлининг 8-километрида содир бўлган. 31 ёшли Nexia ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, ўзига қарама-қарши йўналишда келаётган 39 ёшли Н.Т.нинг бошқарувидаги Lacetti билан тўқнашиб кетган.
Оқибатда Nexia автомашинасининг йўловчиси 19 ёшли З.Н. ҳодиса жойида, ҳайдовчи М.Ж. эса тиббиёт бирлашмасида вафот этганлар.
Бундан ташқари, ҳар икки автомашинадаги 6 нафар йўловчилардан 5 нафари оғир тан жароҳати, бир нафари эса енгил тан жароҳати олган, уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (Одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.