ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирусдан яна бир бемор вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.
Халқаро масофага қатнашга мўлжалланган юк автомашина ҳайдовчиси И. Россиядан Тожикистон орқали Сурхондарёга кириб келган. Асли сирдарёлик бўлган ушбу фуқарода икки томонлама пневмония оғир кечиб, 5 май куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Ўтказилган диагностик таҳлиллардан сўнг беморда Covid-19 ҳам аниқланган.
Шу йилнинг 11 май куни эса аҳволи ёмонлашгач, коронавируснинг оғир кечиши, икки томонлама ўткир бронхопневмония оғир тури ташхиси билан реанимация бўлимига олинган. Бўлимда беморга мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар асосида реанимацион ёрдам кўрсатилган.
Бироқ кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор юрак қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган.