ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. 2020 йил 15 май соат 19:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2682 нафарни ташкил қилмоқда. Бир сутка давомида 37 та янги ҳолат тасдиқланди.
Тузалиш суръати
Бугун кун давомида Наманган вилоятида 5 (улар орасида 3 ёшли қизалоқ ҳам бор), Самарқанд вилоятида 15 ва Қорақалпоғистон Республикасида 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб чиқди. Уларнинг барчаси реабилитацияга кузатилди.
Шу тариқа, айни пайтда мамлакатда 2158 нафар фуқаро коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайиб кетган ва соғайиш кўрсаткичи 80 фоизни ташкил қилмоқда. Бугунги кунда 513 нафар бемор даволанмоқда.
Карантин узайтирилди, аммо...
Махсус комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистон ҳудудида коронавирус бўйича карантин 1 июнга қадар узайтирилди.
Шу билан бирга 2020 йил 15 майдан бошлаб
- “қизил” тоифадаги ҳудудларда якка тартибдаги ҳунармандчилик, автомобилларга ва қишлоқ хўжалик машиналарига техник хизмат кўрсатиш, электрон қурилмаларни ва алоқа воситаларини таъмирлаш; ижара ва лизинг хизматлари, бухгалтерия соҳасига оид хизматлар кўрсатиш;
- “сариқ” тоифадаги ҳудудларда “қизил” тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда риэлторлик фаолияти, хусусий бандлик агентликлари фаолияти, меҳмонхоналарга ўз ошхоналарида овқат пишириш ҳамда хоналарга етказиб бериш, парк ва истироҳат боғлари (аттракционалар, кўнгилочар объектлар ҳамда тезкор овқат тайёрлаш нуқталари фаолияти бундан мустасно) фаолияти;
- “яшил” тоифадаги ҳудудларда “сариқ” ва “қизил” тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда очиқ сунъий қопламали спорт ўйингоҳлари, музейлар фаолиятига рухсат берилмоқда.
Шаҳарлараро авиа ва темир йўл қатновлари қисман тикланади
2020 йил 18 май кунидан бошлаб
- Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни (бориш ва қайтиш) тиклаш;
- Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатновини (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйишга рухсат берилади.
Uzbekistan Airways қайта тикланаётган парвозлар жадвалини эълон қилишга улгурди.
Шу билан бирга, авиа ва темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши талаб этилади.
Самарадаги вазият
Россия-Қозоғистон чегараси яқинида Самара вилояти ҳудудида тўпланиб қолган 600дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари учун "обсервация лагери" ташкиллаштирилди.
Маълум бўлишича бир неча юз нафар Ўзбекистон фуқаролари шахсий автомобилларда ва автобусларда, чегаралар очилиши тўғрисидаги нотўғри маълумотларга асосан, Самара вилояти, Болшечнериговский туманидаги Қозоғистон билан чегара ҳудудига этиб борган ва "Маштаково" ҳамда "Сагарчинск" чегара-назорат пунктлари ёнида тўпланиб қолишган.
Вазият элчихона назорати остида эканлиги маълум қилинди.
ССВ шифокорни ҳимоясига олди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқандда 34 кишига вирус юқтиргани учун жиноий иш очилган шифокорни ҳимоясига олиб, бош прокурорга мурожаат йўллади. Вазирлик шифокорга нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш лозим деб ҳисоблайди.
Таъкидланишича, тиббиёт ходими Х.Д. коронавирусни жуда катта эҳтимол билан беморларга хизмат кўрсатиш жараёнида юқтириб олган. У коронавирус юқтириб олганлигини жорий йил 28 апрель куни топширган тести натижалари аниқ бўлганидан кейингина билган ва дарҳол даволаниш учун ётқизилган.
Вазир Алишер Шадманов бош прокурорга жиноят ишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилишни сўраб, аллақачон мурожаат йўллаган.
Ош ҳаммага етади
Ўзбекистоннинг Москвадаги дипломатик ваколатхоналари 14 май куни ватандошлар кўмаги билан иккита катта қозонда палов тайёрлаб, "Раҳмат!" хайрия тадбирини ўтказдилар.
"Ҳаётни сақлаб қолганингиз учун ташаккур!" шиори остида мазали таомларнинг бир қисми Москвадаги турли тиббиёт муассасаларида ишлайдиган кўплаб шифокорларга топширилди.
"Ўз-ўзини яккалаш тартибига амал қилганингиз учун ташаккур!" шиори остида айни Россия пойтахтидаги ётоқхоналарида Ўзбекистонга чартер парвозларни кутаётган ўзбекистонликларга ҳам совға қилинди.
Табиийки, барча санитар қоидаларга риоя қилинган ҳолда.
COVID-19нинг дунё бўйлаб юриши
Сўнгги маълумотларга кўра, дунёнинг 188 мамлакатида 4,2 миллиондан зиёд коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. Шундан 294 мингдан зиёди қурбон бўлган. Яхши хабар ҳам бор: 1,7 миллиондан зиёд киши ушбу вирусни матонат билан енгишга муваффақ бўлган.