ТОШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Ўзбекистон фуқаросининг идентификациялаш ID-картаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида президент фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
ID-карта
ID-карта фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ва эгасининг шахсий биографик маълумотлари, биометрик параметрлари киритилган электрон ташувчи қурилмага эга бўлган ҳужжат. ID-картага чип (маълумотларни сақловчи электрон қурилма) ўрнатилиши ҳам назарда тутилган. Унда ҳужжат эгасининг биографик маълумотлари, рақамли фотосурати, қўл бармоқ изи ва электрон рақамли имзоси киритилади.
Картанинг амал қилиш муддати
ID-карта Ўзбекистон Республикаси фуқароларига туғилганидан бошлаб берилади. Мамлакат ҳудудида яшовчи фуқаролар 18 ёшдан ID-картага эга бўлишлари шарт. 18 ёшгача ID-карта ихтиёрий бўлади.
ID-карта фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:
- туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача — икки йил муддатга;
- бир ёшдан 16 ёшгача — 5 йил муддатга;
- 16 ёшдан ошган шахсларга — 10 йил муддатга.
Фуқаро 14 ёшдан бошлаб ID-карта расмийлаштиришда бармоқ изларини топшириши шарт.
Фуқаро Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига ID-картани олиш учун 18 ёшга тўлгандан сўнг бир ойдан кечикмасдан мурожаат этиши лозим.
ID-карта МваФРБ томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб уч иш кунида берилиши белгиланади.
ID-картага қайси маълумотлар киритилади
- ҳужжатнинг номи;
- ID-картанинг рақами;
- ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми;
- миллати;
- туғилган санаси;
- фуқаролиги;
- туғилган жойи;
- жинси;
- берилган санаси;
- ким томонидан берилгани;
- амал қилиш муддати тугайдиган сана;
- эгасининг рақамли сурати;
- эгаси ҳақидаги машина ўқийдиган маълумотлар.
16 ёшга тўлмаган фуқаронинг миллати унинг ота ва онасининг ўзаро келишувига мувофиқ белгиланади ҳамда ИИВ томонидан белгиланган шаклдаги аризада фуқаронинг миллати кўрсатиб ўтилиши режалашитирилмоқда.
Белгиланишича, ID-картадаги миллат ҳақидаги ёзув ота-онанинг миллатига мувофиқ ёзилади. Агар ота-онаси турли миллатга мансуб бўлса, биринчи марта ID-карта берилаётганда фуқаронинг хоҳишига қараб ота-онасидан бирининг миллати ёзилади. Фуқаронинг ёзма аризасига кўра миллат ҳақидаги ёзув фақат бир марта, отаси ёки онасининг миллатига ўзгартирилиши мумкин.
ID-карта олиш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади
- Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шаклдаги ариза;
- илгари берилган паспорт ёки ID-карта;
- фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси (Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилган ҳолатда);
- туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда) ёки ID-карта;
- никоҳ тўғрисида гувоҳнома (фамилияси ўзгарган ҳолда);
- давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан бошлаб ID-карта берилиши хабар қилинган эди. ID-карталар фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади. Чет элга чиқиш учун биометрик паспорт олиш керак.