ТОШКЕНТ, 12 май - Sputnik. Ўзбекистонда электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва қоплаш тартибини белгиловчи қонун қабул қилинди, деб ҳабар қилди Марказий банк.
“Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонуни асосида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари” ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлигида 2020 йил 29 апрелда 3231-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди, - дейилган хабарда.
Мазкур ҳужжат жаҳон тажрибасига таянган ҳолда, электрон пуллар тизими фаолиятини ташкил этиш, электрон пуллар муомаласи, электрон пуллар тизимида рискларни бошқариш ҳамда тизимда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Унда электрон пуллар тизимига оид асосий тушунчалар, шу жумладан, “айирбошлаш операцияси”, “бир ва кўп эмитентли электрон пуллар тизими”, “олдиндан тўланган карта”, “электрон пуллар тизимининг агенти”, “электрон ҳамён” ва соҳага оид бошқа терминларга батафсил тушунтиришлар берилган.
Ўзбекистонда электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидаларининг айрим жиҳатлари:
- Электрон пуллар - электрон ҳамён шаклида ёки олдиндан тўланган карта (prepaid card) кўринишида эмитент, оператор ёки электрон пуллар тизимининг агенти томонидан фойдаланувчига берилади;
- Ўзбекистон ҳудудида эмитент томонидан чиқариладиган электрон пуллар фақат миллий валюта - сўмда номиналлаштирилган бўлиши шарт;
- Ўзбекистон ҳудудида реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўловларни амалга оширишда фақат Республика ҳудудида чиқарилган электрон пуллар қабул қилинади;
- хорижий эмитент томонидан чиқарилган, чет эл валютасида номиналлаштирилган электрон пулларни айирбошлаш операциялари мазкур субъект билан шартномаси мавжуд бўлган ўзбекистонлик эмитент томонидан амалга оширилиши мумкин;
Ўзбекистонда, электрон пуллар тизимининг яратилиши ҳисоб-китобларни амалга оширишда замонавий IT ва технологик ечимларга асосланган ҳолда тўловларни тезкор ва қулай усулда амалга ошириш имконини беради. Шунингдек маҳаллий электрон пул тизимларининг хорижий электрон пул тизимларига интеграция қилинишига шарт-шароит яратилади, - дейилган Марказий банк хабарида.
Бугунги кунда дунёда энг кенг тарқалган электрон пуллар тизимлари бу: WebMoney, PayPal, ApplePay, SamsungPay ва бошқалар. Россияда энг оммавий электрон пуллар бу Сбербанк Онл@йн, ЯндексДеньги, QIWI ва бошқалар.