ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Қозоғистонлик аёл билмасдан пул яширинган курткани муҳтожларга бериб юборди.
Айни вақтда инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилган кийимлар орасида одамлар пул излаши акс этган видео интернетда тез оммалашмоқда.
Маълум бўлишича, аёл эрининг кийимларини йиғиб, Туркистон вилоятидаги тошқиндан зарар кўрган одамларга бериб юборди. Улар орасида куртка бўлган, оила бошлиғи унда пул сақлаган экан.
Юк жўнатилгандан кейин, эр-хотин курткада “заначка” яширингани эсига тушади.
Улар зудлик билан орқасидан машина юборишди. Пул топилди ва эгасига 3100 доллар қайтарилди.
Туркистон вилоятидаги тошқин
Сардоба сув омборида 1 май куни тўғон ёрилиши натижасида Қозоғистон жанубидаги Туркистон вилоятининг Мақтаарал туманидаги аҳоли пунктлари сув остида қолди.
Бу ҳудудда техноген фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Қозоғистон жанубида 7 639 гектар экин майдонлари сув остида қолган, унинг катта қисми пахта билан экилган эди. Шунингдек, 2 майдан бери 31 606 киши эвакуация қилинганлиги қайд этилди.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев таъкидлашича, тошқиндан зарар кўрган фуқаролар учун 1000 дан ортиқ уйлар қурилади. Давлат комиссияси тошқиндан жабр кўрган ҳар бир қишлоқ аҳолисига 100 минг тангадан тўлашга қарор қилди.
Жабрланганларга Қозоғистоннинг бошқа вилоят расмийлари, ишбилармонлар ва хайриячилар ҳам моддий ёрдам кўрсатмоқда.