ТОШКЕНТ, 7 май — Sputnik. Халқаро Бостон консалтинг групп (BCG) компанияси ва Е.Т. Гайдар номидаги иқтисодий сиёсат институти Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) иштирок этишини баҳолаш учун жалб қилинган. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.
6 май куни Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласини ўрганиш бўйича Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташқи савдо айланмасини ошириш, маҳсулотлар, тармоқлар ва умуман иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ортиши, меҳнат бозорининг мувозанатлашуви ва меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатиши айтиб ўтилди.
“Шунингдек, етакчи хорижий ва маҳаллий консалтинг компаниялари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари, хусусан, Бостон консалтинг групп (BCG), Гайдар институти, Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан мазкур масала атрофлича ўрганилиб, тегишли таклиф ва хулосалар тайёрланди”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш таъсири оқибатларини баҳолаш учун Ўзбекистон-Россия ишчи гуруҳи, эксперт гуруҳларининг тизимли ўзаро ҳамкорлиги ташкил этилди.
“Тегишли йўналишлар бўйича аниқланган муаммолар батафсил ўрганиб чиқилди”, - дейилган хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигига оид масалалар вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, шунингдек олим ва мутахассислар иштирокида бир неча маротаба муҳокама қилинди. Вазирлар маҳкамаси, 19 та мутасадди вазирлик ва идораларда тегишли ишчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан иқтисодий интеграция масаласида 16 та йирик тармоқ бўйича таҳлил ва комплекс ўрганиш ишлари олиб борилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенатнинг 11 май куни чақириладиган ялпи мажлисида ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи ҳам кўриб чиқилиши хабар қилинган эди.