ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Россиянинг Selectel етакчи булутли провайдери Ўзбекистонда бизнесни рақамлаштиришда иштирок этади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири. Лойиҳа уч йилга мўлжалланган ва унинг қиймати бир миллион доллар атрофида.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Selectel булутли платформаси маҳаллийлаштирилган илк мамлакат бўлди.
“Биз Ўзбекистонни илк ташқи бозор сифатида танладик, чунки мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини ва ҳукуматнинг рақамли давлат ва иқтисодиёт қуришга интилишларини кўриб турибмиз. Булутли технологиялар ушбу жараённинг ажралмас қисми ҳисобланади. Биз Selectel ечимлари нафақат шиддат билан ривожланаётган IT-саноатида, балки Ўзбекистон учун анъанавий бизнес соҳаларида ҳам талабгир бўлишига ишонамиз”, - деди Selectel бош директори Олег Любимов.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Selectel Office офис дастурлари ва кўп функцияли SelectelChat мессенжери, яъни, қулай ва самарали ишларни ташкил қилиш учун бизнес-илова мавжуд. Июль ойига қадар Selectel булутли платформаси ишга туширилади. Бу ҳар қандай миқёс ва мураккабликдаги рақамли маҳсулотлар учун тез ва арзон инфратузилмани яратишга имкон беради.
Маълумот учун: Selectel - булутли хизматларни ва маълумотлар маркази хизматларини тақдим этувчи Россия провайдери. Компания CNews Analytics томонидан тузилган Россиядаги юзта энг йирик IT-компаниялар рейтингига ва булутли инфратузилма таъминотчиларининг илк бешталигига киради.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев қарори билан 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб давлат органлари ва уларнинг бўлинмалари орасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботлар - фақат электрон кўринишда амалга оширилиши белгиланган.