Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилмоқда. Ҳозирда фаолияти тикланган саноат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларига қўшимча равишда хизмат кўрсатиш субъектлари ҳам босқичма-босқич ишга туширилиши белгиланди.
Жумладан, эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда, санитария талабларини белгилаган ҳолда, ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат бериш кераклиги қайд этилди. Шунингдек, стикерлар бекор қилиниб, шахсий автомобиллардан фойдаланиш мумкин бўлади.
Лекин, коронавирус тўла бартараф бўлмагани сабабли, одамлар кўп тўпланадиган объектлар, жумладан, театр, концерт ва спорт заллари, тўйхоналар, жамоат транспорти бўйича чекловлар маълум муддатгача сақланиб қолади.
Республика комиссиясига хизмат кўрсатиш турларини қайси ҳудудларда ва қандай шартлар асосида йўлга қўйишни белгилаш топширилган.
Шунингдек, карантин чоралари енгиллаштириладиган ҳудудлар алоҳида белгиланади. Туманлар ва шаҳарлар “қизил” (юқори хавфли), “сариқ” (ўрта хавфли) ва “яшил” (хавфсиз) ҳудудларга ажратилади.