ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Гули Мурадова (Lady Guli Sheikh) Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани аҳлига кўмак беришга киришди. Бу ҳақда у Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда маълум қилди.
“Мен 5 апрелдан буён хайрия билан шуғулланяпман. 200 дан ошиқ хонадонга ёрдам бердик. Ўз маҳалламда ҳам 35 кишига ёрдам бердик. Биринчи сафар - озиқ-овқат маҳсулотлари, иккинчи сафар - пул берилди. Шуниндек, London College Of English ўқув марказимиз номидан “Саховат ва кўмак” фондига 2 миллион сўм юборилди”, - деди Гули Мурадова.
Унинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси даврида ишламаётган, уйда ўтирган, ногирон ва беваларга ёрдам кўрсатиш мақсадида онлайн тарзда инстаграм, фейсбук орқали рўйхати тузилиб, пласстик-картаси пул ташланмоқда. Ажратилган пулнинг миқдори 45 миллионга етди.
Мурадова “Сардоба” ҳодиса бўйича ҳам тўхталди.
“Мен ўзбекистонликман, шуни учун ватаним бошига иш тушганида четда қололмайман. Сардоба аҳволи жуда ёмон, чунки уни “то оёққа” қўйгунча анча маблағ керак. Айни вақтда Сирдарё бўйича ҳам пул ажратмоқчимиз. Шошилинч равишда 10 миллион сўмдан ошиқ маблағни ёрдам сифатида бермоқчимиз. Бир вагон озиқ-овқат ва зарур нарсаларни юбормоқчимиз”, - деб таъкидлади Мурадова.
Леди Гули қўшимча қилишича, “Сардоба” бўйича ёрдам кўрсатилаётганларнинг сони кўпчиликни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55да “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган ва Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига, Мирзаобод туманидаги “Навбаҳор”, “Ҳақиқат” ва “Баҳористон” МФЙлари аҳоли яшаш пунктларига қисман сув кирган.
Оқибатда "Қўрғонтепа", "Дўстлик", "Юртдош" МФЙлардан жами 11,6 минг нафар аҳоли хавфсиз жойга кўчирилгани ҳақида хабар қилинган эди.
“Сардоба” сув омбори ўпирилиши оқибатида сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди.