ТОШКЕНТ, 2 май - Sputnik. Озарбайжон ТИВ Қозоғистоннинг Бакудаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сержан Абдикаримовга нотани топширди, деб хабар қилади Sputnik Озарбайжон.
Озарбайжон ТИВ шанба куни тарқатган хабарга кўра, ташқи ишлар вазири ўирнбосари Халаф Халафов элчи билан учрашган ва мулоқот давомида Озарбайжон фуқароларини қўлга олишда Қозоғистон чегара хизматига қарашли қирғоқ мудофааси ходимлари томонидан уларга нисбатан қуролдан фойдаланганилгани муносабати билан Озарбайжон томон жиддий ҳавотир билдираётганини маълум қилган.
Ушбу ҳодиса давомида бир киши ҳалок бўлган, икки нафари жароҳатланган.
Хабарда айтилишича, 2020 йилнинг 30 апрелида Қозоғистон чегара хизматига қарашли қирғоқ мудофааси Озарбайжон фуқаролари бўлган Ибрагимов, Нуриев, Ахмедов ва Новрўзовларни қўлга олиш вақтида қуролдан фойдаланган.
Оқибатда бир киши ҳалок бўлган, икки нафари жароҳатланган.
Айни вақтда ҳалок бўлган фуқаро жасади Қозоғистон томонида қолмоқда.
Халафов Қозоғистон элчисига Озарбайжон ТИВ томонидан йўлланган тегишли нотани топширган.