ТОШКЕНТ, 1 май - Sputnik. Ҳуқуқий ахброт телеграм канали Ўзбекистонда ишсизлик нафақаси кимга ва қанча вақт мобайнида тўланишини яна бир бо эслатиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ ишсизлик нафақаси ишидан маҳрум бўлган, биринчи марта иш қидираётган, шунингдек узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашни истаган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларга тўланади, - дейилган кодексда.
Қарамоғида учтагача киши бўлган, 35 ёшга тўлмаган ишсиз эркакка ишсизлик нафақаси у ҳақ тўланадиган жамоат ишларида белгиланган тартибда иштирок этган тақдирда тайинланади.
Ишсиз шахснинг нафақа олиш ҳуқуқи у иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб кечи билан ўн биринчи кундан эътиборан кучга киради.
Ишсизлик нафақаси кўпи билан:
- ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (1 йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсга 12 ойлик давр мобайнида 26 календарь ҳафта;
- илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсга эса 13 календарь ҳафта мобайнида тўланади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Меҳнат кодексида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бузилган ҳолларда ишдан бўшатилган ходимга ишдан бўшаш нафақаси тўланиши белгиланган.