ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Коронавирус организмда соғайгандан кейин ҳам қолиши мумкин, бу Хитойнинг Чунцин шаҳрида жойлашган Армия тиббиёт университети олимлари томонидан аниқланди, деб ёзади South China Morning Post.
Маълум бўлишича, COVID-19 инфекциясига чалинганларнинг ўпкасида вирус ўта чуқурликда сақланиб қолади ва уни оддий тест тизими ёрдамида аниқлашнинг имкони йўқ.
Мисол тарзида уч марта анализ топширган ва уч марта ҳам тест унинг организмида "ковид" йўқлини кўрсатган аёл келтирилган. Шу билан аёл касалхонадан чиқишга тайёрланган, аммо эртаси куни юрак хуружи туфайли вафот этган.
Аёл жасади ёриб кўрилгач, коронавирус қисмлари ўпканинг чуқур тўқималарида мавжудлиги аниқланган. Шу билан бирга аёлда ҳеч қандай симптомлар кузатилмаган.
Олимларнинг фикрича, соғайган одамларда коронавирус такрорланиши ҳолатларига айнан шу ҳолат билан изоҳ бериш мумкин.