ТОШКЕНТ, 28 апр - Sputnik. Ўзбекистонлик эпидемиологлар АҚШдаги ҳамкасбларининг коронавирус тарқалишини прогноз қилиш тизимини ишлаб чиқишда ёрдам беришига умид қилмоқдалар, дея хабар беради ТИВ.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги ва АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари (CDC) мутахассислари коронавирус тарқалишига қарши кураш чоралари бўйича онлайн-маслаҳатлашувлар ўтказдилар.
“Томонлар Ўзбекистонда вирус тарқалишини моделлаштириш ва башорат қилиш тизимини ишлаб чиқиш имкониятини муҳокама қилдилар, бу эса тарқалиш суръати ва кўламини башорат қилиш ҳамда касалликнинг энг юқори чўққиси ва ундан кейинги пасайишга қачон эришиш мумкинлигини ҳисоблаш имконини беради”, - дейилади хабарда.
Икки мамлакат эпидемиологлари чегара ўтиш пунктларида назоратни кучайтириш, шунингдек Фавқулодда вазиятларда соғлиқни сақлаш соҳасида тезкор ёрдам марказини ташкил этишни кўзда тутувчи CDC “Кириш жойларига оид дастур”ни қўллаш бўйича ҳамкорликни фаоллаштирмоқда.
COVID-19 тарқалиши МДҲда биринчи бўлиб Ўзбекистонда якунланади – олимлар
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 192 кишида коронавирус аниқланган. Шифокорларнинг ёрдами билан касалликни енгишга муваффақ бўлган ўзбекистонликлар сони 892 нафарга етган. Шундай қилиб, бугунги кунда мамлакатда COVID-19 касаллигидан соғайиш даражаси барча юқтирилганларнинг 47,2% ни ташкил қилади.
