UzAuto Motors компанияси карантин даврида мижозларга автомобиллар учун фоизсиз бўлиб тўлашни амалга оширишни таклиф қилмоқда. Россия Миллий автомобил иттифоқи бирлашмаси вице-президенти Антон Шапарин, ушбу чора пасайган талабни тиклашга ёрдам бериши ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Мутахассиснинг фикрига кўра, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетаётган бир пайтда, сахий маркетинг кампаниялари вазиятни тубдан ўзгартира олмайди.
"Вазият жиддий ва мен яхшиланиш тенденциясини кўрмаяпман. Ўйлайманки, UzAuto Motors таклиф қилган қадамлар маълум даражада талабни рағбатлантириши мумкин, аммо бир нарсани тушунишимиз керак: кимдир фоизсиз бўлиб тўловлар ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида гапирганда, буларнинг барчаси ишлаб чиқарувчи ёки дилернинг ўз ҳисобига амалга оширилади. Ҳозирда компания талабни қанчадир рағбатлантириши учун муҳим молиявий оқим билан хайрлашишга тайёр. Бундай шароитда, албатта, давлат ёрдамига, масалан, йирик давлат харидларига таяниш керак", - деди Шапарин.
Мутахассиснинг тўлиқ изоҳини Sputnik Ўзбекистон радиоподкастида тингланг.