ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида полиз маҳсулотларидан тарвуз етиштиришнинг ўзига хос мактаби яратилган. Божхона қўмитаси хабарига асосан.
Туманнинг Кўкдала ҳудудида кенг қулоч ёйган бўлиб, миришкор деҳқонлари тарвуз парваришлашнинг интенсив усулларини қўллаш, серҳосил навларни етиштиришда илғорлик намоён этишмоқда. Жорий йилда 14 минг гектар ерга тарвузнинг эртачи, ўрта ва кечки навлари экилиши мўлжалланган.
“Шу йил ҳам 5 гектар ерга тарвуз экканмиз. Биз уруғни ерга қадаганда қор бор эди. Ўзига хос меҳнати ҳам бўлди. Гектаридан 20 тоннагача хосил олиш ниятидамиз. Маҳсулотларимиз бутун мамлакатимиз бўйлаб тарқалади, элдан ортганини биринчилардан бўлиб, Россия ва Қозоғистонга экспорт қиламиз,” - дейди “Ражаб ота” фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Жуманазаров.
Чироқчи туманида 385 та фермер хўжаликлари ва 591 та томорқа эгалари тарвуз етиштиришга бел боғлашган. 5 030 гектар ерга экилган эртапишар тарвузнинг дастлабки хосили май ойининг биринчи ўн кунлигида пишиб етилади.
Бу йўналишда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган. Ҳудудда етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотларини экспортга жўнатишда экспортёрларга доимий равишда яқиндан ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Божхона расмийлаштирувларининг соддалаштирилган тартибда “яшил йўлак” орқали амалга оширилиши, тадбиркорларнинг қимматли вақтини ва маблағини тежашга, маҳсулотларни сифатини сақлаш ҳамда манзилга тезкор етиб боришларини таъминламоқда.