ТОШКЕНТ, 25 апр - Sputnik. Ўзбекистонда бюджет тушумларини таъминлаш учун иқтисодиётнинг қатор йўналишлари фаолиятига рухсат берилмоқда.
Хусусан, қурилиш материаллари бозорлари; йирик ишлаб чиқарувчи субъектларнинг ўз маҳсулотларини сотишга мўлжалланган ҳудудлардаги тармоқ дўкон (магазин)ларига (санитар нормаси 10 кв.м га 1 нафар харидор тартиби асосида);
ҳунарманд ва усталарга – улар томонидан ясалган буюмларни бозор расталаридан ташқари алоҳида жойлашган жойда (дўкон) сотиш фаолиятига;
уруғ ва кўчат етиштириш ҳамда уларни сотиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларига (мулкчилик шаклидан қатъий назар);
тижорат банкларининг объектлардаги шаҳобчаларига (кассалари);
автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларига (мулкчилик шаклидан қатъий назар);
автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларига сервис хизмат кўрсатувчи ташкилотларга – 1000 кв.м дан кам бўлмаган майдонга эга субъектлар, шунингдек, вулканизация хизматлари кўрсатувчи субъектларга;
кимёвий тозалаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига;
нотариал идоралар ва суғурта компанияларини фаолият юритишига;
тўхтаб қолган инвестиция лойиҳалари ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш ишларини давом эттиришига ижозат берилгани шулар жумласидан.
Коронавирус эпидемияси шароитида ушбу корхона ва ташкилотларни, савдо ва хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларни фаолият юритиши ҳамда қатор объектларда қурилиш ишларини давом эттириш санитария-эпидемология талаблари асосида белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пандемиянинг аҳоли турмуш тарзига, тадбиркорлар фаолиятига ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича видеоселектор йиғилишлари ўтказиб, аниқ вазифалар белгилаб берган эди.