ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Ўзбекистон коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш учун халқаро молия институтларининг 3,1 миллиард доллар миқдоридаги кредитларини жалб қилмоқчи. Давлат раҳбари тегишли қарорга имзо чекди.
Шавкат Мирзиёев имзолаган қарор билан пандемиянинг салбий оқибатларини бартараф этиш учун грантларни жалб қилиш ва узоқ муддатли имтиёзли молиялаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Ушбу маблағлардан соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга — 277,5 миллион доллар, тадбиркорлик ва банк тизимини қўллаб-қувватлашга — 700 миллион доллар, давлат бюджетига — 1,8 миллиард доллар, коммунал ва энергетика корхоналарига 300 миллион доллар йўналтирилади.
Республика маблағларни жалб қилмоқчи бўлган халқаро молиявий институтлар рўйхатига Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилма инвестиция банки киритилган.
Молия вазирлиги зиммасига бюджетни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларининг қарзларини жалб қилиш бўйича жавобгарлик юкланган.
Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 3 кун муддатда Осиё тараққиёт банкига республика санитария-эпидемиология хизматини модернизация қилиш учун 100 млн доллар миқдордаги узоқ муддатли имтиёзли кредит ажратиш бўйича сўров юбориши белгиланган.
Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишиш мумкин.