ТОШКЕНТ, 24 апр - Sputnik. Ўзбекистон бош санитар врачи Нурмат Отабеков 23 апрел куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда коронавирус юқиш қаерда кўпроқ эканлигини санаб ўтди.
Шифокор сўзларига кўра, вирус юқтириш хавфи биринчи ўринда дорихоналарда ишлайдиганларда юқори. У ерга ҳар хил одам ташриф буюради.
Иккинчидан - озиқ овқат дўконлари. Шу сабабли шифокор дўконга кирганда албатта ниқоб тақиш ва ҳар хил маҳсулотларга камроқ қўл теккизишни сўради.
Учинчи ўринда — АЁҚШ. У ердаги ёнилғи қуйиш мосламасини (пистолет) кунига 10дан ортиқ одам ушлайди.
Тўртинчи ўринда — итларни сайр қилдириш жойлари. Итларни олиб чиқишда одам тез-тез подъезд ва эшик тутқичларини ушлайди. Бундан ташқари, итлар вирусни оёқларида уйга ташиши мумкин.
Бешинчи ўринда — кўчага чиқинди ташлашга чиқиш. Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, бунда хавф нисбатан пастроқ бўлса-да, айрим вақт чангда вирус заррачалари сақланиб қолган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 24 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1778 нафарни ташкил қилмоқда. Соғайиб кетганлар сони 561 нафарга етган.