ТОШКЕНТ, 22 апр - Sputnik. Президент Халқ қабулхоналари бошчилигида Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1-чораги натижаларига кўра жами 25 мингдан зиёд гектар ер майдонлари ёшларга ажратилди.
"Жумладан, 1 277 гектар сабзавот, 1 787 гектар полиз, 10 296 гектар дуккакли экинлар, 7 727 гектар бошоқли дон экинлари ва 391 гектар картошка экиш учун, 3 866 гектар эса боғ яратиш учун ажратиб берилди", - дейилади хабарда.
Ёшларга бириктириб қўйилган кооперация ва кластер ёрдамида ерлар шудгор қилинган ҳолда жами 4 мингга яқин гектар майдонга сабзавот, полиз, дуккакли экинлар, бошоқли дон экинлари ва картошка уруғлари қадалган бўлса, 335 минг туп мевали ва 135 минг туп манзарали дарахтлар экилган.
Хоразм вилоятида 39 мингга яқин ишсиз ёшлар бор, манзилли режага кўра йил охиригача уларнинг 29 минг нафари, яъни 74,5 % нинг бандлиги таъминланиши назарда тутилган.
Андижон вилоятида 2 мингга яқин ёшларнинг ҳар бирига ўртача 21 сотихдан жами 400 гектар экин ер майдони ажратилган бўлса, Навоий вилоятида 840 гектардан зиёд бўш ётган ер майдонлари ўз эгаларини топган.
Қорақалпоғистон Республикасида бўш турган ер участкалари ва захира ерлар ҳисобидан Мўйноқ - 5 000 га., Қўнғирот 3 000 га. ва Тахтакўпир 2 002 га. туманларидан, жами 10 002 га. ер майдонлари экинлар экиш учун ажратиб берилган.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасининг қолган туманларида ҳам ёшларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун қарийб 7,8 минг гектар ерлар ажратилган. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида қарийб 1,8 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминланади.
Республика бўйлаб тижорат банклари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳар бир лойиҳага ўртача 43,3 млн дан - 5719 та лойиҳа учун 247,6 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган.