ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Александр Горчаков номидаги халқ дипломатияси қўллаб-қувватлаш фонди иштирокчилари билан ўтказилган доира суҳбати давомида Евроосиё иқтисодий иттифоқи номига ёғдирилаётган танқидлар нима билан боғлиқлиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
"Мукаммалликнинг чеки йўқ. Лекин Қирғизистонда (ЕОИИда) ниманидир ўзгартириш кераклиги тўғрисида фикрлар тарқалаётган экан, мен бу кимўзалик жараёни акси, Марказий Осиё учун рақобат жараёнининг акси эканлигини истисно этмайман. Бизнинг ғарблик ҳамкасбларимиз бу курашга фаол бел боғлаган. Биз бундай рақобатни фойдали, деб ҳисобламаймиз, Марказий Осиё давлатларига ёрдам бериш учун ҳамкорлик қилган маъқул", — деди Россия ташқи сиёсий маҳкама вакили.
Эслатиб ўтамиз, Евроосиё иқтисодий иттифоқи Олий кенгаши виртуал мажлиси 14 апрель куни ўтказилган эди. Давлат раҳбарлари COVID-19 коронавируси тарқалишига қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга эътибор қаратдилар.
ЕОИИ мамлакатлари етакчилари якуний баёнотда барча мамлакатларни қуролланган можароларга чек қўйишга, савдо урушларини ва бирёқлама санкцияларни тўхтатишга чақирган эдилар.
ЕОИИ - 2015 йилнинг 1 январидан фаолият юритиб келаётган интеграллашган иқтисодий бирлашмадир. Иттифоқ аъзолари — Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон. 2020 йилда ЕОИИ органларида Беларусь раислик қилиб келмоқда. Молдова 2018 йилдан ЕОИИ қошида кузатувчи ҳисобланади.