ТОШКЕНТ, 21 апр - Sputnik. Иқтисодиёт фанлари доктори, собиқ Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Леонид Холод ўзбек пахтасига халқаро бозорда қўйилган таъқиқ борасида ўз фикрини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Ўзбекистон меҳнат вазири Нозим Ҳусанов Cotton Campaign халқаро пахта ишлаб чиқарувчилари ассоциациясига Ўзбекистон пахтасига қўйилган таъқиқни олиб ташлаш борасида мурожаат қилган эди. Cotton Campaign ўтган 2019 йилда ҳам Ўзбекистон далаларида "100 мингдан ортиқ кишиларнинг мажбурий меҳнатдан фойдаланилганини" важ қилиб, ушбу мурожаатномага рад жавоби берган.
Россиялик мутахассис фикрига кўра, Ўзбекистон пахтасига чеклов қўйиш учун ҳеч қандай объектив сабаблар йўқ.
"Бу "тирноқ остидан кир қидириш"дан бошқа нарса эмас. Мен ўтган йили Ўзбекистонда бўлганман, далаларга ҳам борганман. У ерда ҳеч қандай болалар мажбурий меҳнати ёки тиканли симларни кўрмаганман. Далаларда ишлаётган мавсумий ишчилар ўзига яраша пул топишади. Бу одатий ҳол. Россияда ҳам мева териш мавсумида жуда кўп ишчилар ёлланади. Халқаро ассоциациянинг ўзи вазиятни бўрттириб кўрсатишдан манфаатдор", - деди Холод.
Мутахассис фикрига кўра, пахта бозори, бошқа хом ашё бозорларига бироз ўхшамаган бўлиб, у ердаги иштирокчилар яна бир етказиб берувчини кўришни истамаганликлари билан боғлиқ. Ўзбекистон собиқ Иттифоқ давридан буён кучли пахта хом ашё базасига эга. Халқаро пахта бозорида яна бир кучли рақибнинг пайдо бўлиши, албатта, ҳеч кимга ёқмайди.
"Ўзбекистоннинг ўзи бўлса бу борада тўғри йўлдан кетмоқда. У тайёр маҳсулот билан савдо қилиш учун ўз пахтани қайта ишлаш саноатини ривожлантирмоқда. Бу соҳада "бозор иқтисодига хос бўлмаган" тўсиқлар қўйиш қийин бўлади. тайёр маҳсулот билан савдо қилиш - давлат ғазнаси учун ҳам фойдали", - дейди эксперт.
Леонид Холоднинг тўлиқ шарҳини Sputnik аудиоподкастида эшитинг. (рус тилида)