ТОШКЕНТ, 17 апр - Sputnik. Хитой давлат статистика бюроси томонидан жума куни эълон қилинган маълумотларга кўра, коронавирус пандемияси таъсири туфайли Хитойнинг ЯИМ 2020 йил биринчи чорагида йиллик ҳисобда 6,8 фоизга пасайган.
Хитой иқтисодиёти статистика ҳисоби олиб борилиши бошланган 1992 йилдан бери биринчи марта салбий кўрсаткични кўрсатди.
Ҳисоботга кўра, Хитойнинг ялпи ички маҳсулоти йиллик ҳисобда 20,650 триллион юанни (уч триллион долларга яқин - таҳр.) ташкил этди.
Кўрсаткич 6,5 фоизга пасайишини прогноз қилган мутахассислар кутганидан ҳам ёмонроқ бўлди.
2019 йил биринчи чорагида Хитойнинг ЯИМси 6,4 фоизга ўсган. 2019 йил натижалари бўйича Хитой иқтисодиёти 6,1 фоизга ўсиб дунёдаги энг йирик иқтисодиёти мақомини сақлаб қолди.
2019 йил охирида Пекин Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мамлакатнинг марказий қисми (Хубей провинцияси) Ухань шаҳрида номаълум пневмония касаллиги ҳақида хабар берди. Мутахассислар касалликнинг қўзғатувчиси янги коронавирус эканлигини аниқладилар, кейинчалик у COVID-19 расмий номини олди.
БССТ 11 март куни дунёда янги коронавируснинг пандемиясини эълон қилди, 29 март куни эса Хитойда ушбу эпидемиянинг бутун мамлакат бўйлаб тарқалиши тўхтатилгани эълон қилинди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда 82 367 та коронавирус инфекцияси билан зарарланиш ҳолати тасдиқланган, 77 944 киши даволанди, 3342 киши вафот этди.
Россия, Ўзбекистон ва дунёдаги COVID-19 билан боғлиқ сўнгги маълумотлар стопкоронавирус.рф ва coronavirus.uz порталларида келтирилган.