ТОШКЕНТ, 16 апр – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрел куни Ўзбекистонда коронавирус пандемияси вақтида Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.
Қарорда айитилишига кўра, пандемия туфайли 2020 йилнинг 2 чорагида Ўзбекистонда ҳам иқтисодиёт пасайиши кутилмоқда. Бу ўз ўз навбатида Давлаб бюджети барқарорлигига ҳамда ижтимоий тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишига хавф туғдирмоқда. Ушбу муносабат билан, президент қуйидаги устувор вазифалар белгиланди:
Кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар
коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш;
муҳим ижтимоий харажатларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш;
жаҳондаги ва республикадаги ижтимоий-иқтисодий фаоллик аҳволи таҳлили ва муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатларни кейинги даврларга кўчириш;
давлат дастурларини бажаришга йўналтириладиган бюджет маблағларини қисқартиришда лойиҳаларнинг устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлигини инобатга олиш;
давлат ички ва ташқи мажбуриятларининг, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;
бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатларни мустақил камайтириш бўйича масъулиятини ошириш.
Маҳаллий бюджетлар тушумлари мувофиқлаштирилади
Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий ҳокимияти органлари тегишли даражадаги бюджет тушумларини, шунингдек, республика бюджетидан ажратилаётган трансфертларни, акциз солиғи бўйича ўтказмаларни, бюджет ссудаларини ҳамда бошқа маблағларни биринчи навбатда қуйидагиларни молиялаштиришга йўналтирсин:
коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларга, жумладан, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни жиҳозлашга;
иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга;
озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларни қоплашга;
Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарорига асосан бошқа тадбирлар ва харажатларга.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кечиктириб бўлмайдиган харажатларни ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига бюджет ссудаларини мунтазам равишда ажратиб борсин.
Тиббиёт ходимлари қўшимча рағбатлантирилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 3 кун муддатда коронавирусга қарши курашиш тадбирларида иштирок этаётган тиббиёт, санитария ва эпидемиология хизмати муассасалари ходимлари, шу жумладан, ёрдамчи ходимлар ҳамда мазкур тадбирларга жалб қилинаётган бошқа ташкилот ходимларига 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча устамалар тўлаш бўйича таклиф киритсин;
5 кун муддатда тиббиёт, санитария ва эпидемиология хизмати муассасалари учун қўшимча равишда бинолар қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Бюдет харажатлари қисқартириш йўллари
2020 йил II чорагида режалаштирилган айрим харажатларни 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигига ўтказилади;
Вазирлар Маҳкамасига давлат ҳокимияти органлари, суд ва прокуратура органлари, вазирликлар ва идораларнинг солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар, жарималар ҳисобидан жамланадиган бюджетдан ташқари жамғармалари харажатларини (ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва қонунчиликда белгиланган моддий рағбатлантириш харажатлари бундан мустасно) қисқартириш ва иқтисод қилинган маблағларни Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига йўналтириш ваколати берилади;
Вазирлик, идоралар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари жорий йил 1 августига қадар бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш, қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни тўхтатсин, молиялаштириш бошланган чора-тадбирлар бундан мустасно;
Давлат корхоналар харажатлари қисқартирилади
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар харажатларини мақбуллаштириш юзасидан уларнинг бизнес-режаларини танқидий қайта кўриб чиқсин;
тасдиқланган инвестиция дастурлари параметрларининг кузатув кенгашлари томонидан қайта кўриб чиқилиши ва ўзгартирилишини таъминласин ҳамда уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда кўриб борсин;
устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар ва ташкилотларда 2019 йил учун олинган ва 2020 йилда олинадиган соф фойда бўйича давлат улушига ҳисобланган дивидендларни тўлиғича Давлат бюджетига ўтказиш юзасидан тегишли чораларни кўрсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш даврида фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасида фаолият юритувчи устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар ва ташкилотлар учун товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушум ёки фойдани тақсимлашнинг алоҳида режимини белгилаш ҳуқуқи берилсин.
Ундан ташқари
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 1 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, суд ва прокуратура органлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, барча вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий органлари, уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар ва жамғармалар учун ягона меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан амалга ошириладиган ва қурилиш-монтаж ишлари бошланмаган инвестиция лойиҳаларини танқидий кўриб чиқиб, айрим лойиҳаларни кечиктириш бўйича тегишли қарор қабул қилсин;
Президент қарорининг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.