МБ асосий ставка пасайтирилиши юзасидан изоҳ берди

© REUTERS / Mukhammadsharif MamatkulovЗдание Центрального банка Узбекистана
Здание Центрального банка Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг 14 апрелдаги қарори билан асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланди.

ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланишини изоҳлади.

“Ушбу қарор ташқи ва ички талабнинг қисқариши шароитида иқтисодий фаолликнинг секинлашувини ҳисобга олиб, инфляция прогнозларини пасайиш томонга қайта кўриб чиқилганлиги билан изоҳланади”, — дейилган хабарда.

2020 йилнинг иккинчи чорагида ва йил сўнгига қадар инфляция даражасига талаб омиллари томонидан босим мўътадиллашиши ва камайишини инобатга олиб, инфляциянинг янгиланган прогноз кўрсаткичларига кўра, йил якуни бўйича инфляция даражаси дастлабки прогноздан (12−13,5 фоиз) 1 фоиз бандга пасайиб 11−12,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Иқтисодий фаоллик ва макроиқтисодий прогнозлар

Мартдан жаҳонда ва асосий савдо-ҳамкор давлатларда коронавирус пандемиясига қарши курашиш борасида олиб борилаётган чораларнинг кучайтирилиши, нефть нархининг пасайиши, талаб ҳажмининг қисқариши натижасида иқтисодий ўсиш ва фаоллик кўрсаткичларининг пасайиш прогнозлари кучайиб бормоқда.

Иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва аҳоли даромадларининг қисқариши, ўз навбатида, ички талабнинг сезиларли даражада пасайишига олиб келади.

Иқтисодий фаолликнинг пасайиши, биринчи навбатда, банк тизими орқали амалга оширилаётган транзакциялар сонида ўз аксини топмоқда. Хусусан, 2020 йил март ойида банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакциялар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоизга қисқарди.

Знак процента - Sputnik Ўзбекистон
Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 15 % даражасида белгиланди

Апрель ойининг дастлабки 10 кунлигида тўлов терминаллари орқали амалга оширилган тўлов транзакциялари ҳажми ҳам март ойининг мос даврига нисбатан 25,9 фоизга камайди.

Шунингдек, Ўзбекистон товар хомашё биржасида амалга оширилган битимлар сонида ҳам сезиларли даражада пасайиш кузатилди. Хусусан, апрель ойининг дастлабки икки ҳафтасида амалга оширилган харидлар суммаси март ойининг мос даврига нисбатан 28 фоизга камайган.

Иқтисодиётни кредитлаш фаоллигида ҳам маълум бир пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Январь-апрель ойларида тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ажратилган кредитлар қолдиғи ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоиз бандга секинлашиб 7 фоизни ташкил этди.

Банклар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 16,4 трлн сўмлик кредитлари бўйича тўлов муддатлари узайтириб берилди. «Бу, ўз навбатида, банкларга пул оқимларининг кириб келиши томонидан уларнинг кредитлаш имкониятининг маълум бир даражада қисқаришига олиб келади», — дейилади Марказий банк хабарида.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар

Инфляция даражаси дастлабки прогноз кўрсаткичларидан тезроқ суръатларда пасаяётгани кузатилиб, март ойида йиллик инфляция 13,6 фоизни ташкил этди.

2020 йил биринчи чорагида истеъмол нархлари ошиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 фоиз бандга секинлашиб, 2,8 фоизга тенг бўлди ва дастлабки прогнозларга нисбатан 0,5 фоиз бандга пастни ташкил этди.

Бу асосан, мазкур даврда айрим тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз сақланиб қолинганлиги ҳамда январь-февраль ойларида алмашув курсининг деярли барқарор бўлганлиги ҳисобига базавий инфляция даражасининг секинлашиши билан изоҳланади.

Доллары США  - Sputnik Ўзбекистон
Сўм доллар ва еврога нисбатан кескин қадрсизланди

Март ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари 15,5 фоиз даражада ўзгаришсиз сақланиб қолди. Иқтисодиётда келгусида инфляция даражасининг пасайиши ва карантин билан боғлиқ чекловларнинг юмшатилиши, ўз навбатида, инфляцион кутилмаларнинг пасайишига хизмат қилади.

Инфляция прогнози. Иқтисодиётдаги жорий ва кутилаётган шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляциянинг янгиланган прогноз кўрсаткичларига асосан 2020 йил охирига инфляция 11−12,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда ва бу қуйидагилар билан изоҳланади:

  • ташқи ва ички иқтисодий фаолликнинг пасайиши аҳолининг даромадларига ўз таъсирини кўрсатиб, истеъмол саватидаги аксарият бирламчи зарурий маҳсулотлар гуруҳига кирмайдиган товар ва хизматларга бўлган талабнинг сезиларли қисқаришига олиб келади;
  • бир қатор асосий истеъмол товарлар ва уларнинг хомашёлари импортига 2020 йил 31 декабрига қадар божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланди, бу карантин даврида талаб юқори бўлган товарлар нархларининг ўсишини олдини олади;
  • жаҳон бозорларида энергия ресурслари нархларининг пасайиши ҳисобига нархларнинг эркинлаштирилиши ислоҳоти доирасида 2020 йилда кўзланган энергия ресурслари нархлари оширилишининг навбатдаги босқичи кечиктирилиши ёки ички нархларни оширмаган ҳолда эркинлаштирилиши натижасида ушбу омиллар 2020 йилда инфляция учун оширувчи хусусият касб этмайди;
  • карантин шароитида маълум бир озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур истеъмол товарлари нархларида кузатилаётган ўсиш динамикаси вақтинчалик бўлиб, келгуси ойлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари янги ҳосилининг чиқиши ҳамда Ҳукуматнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошираётган чора-тадбирлари натижасида бозорларнинг ушбу товарлар билан тўйиниши улар нархларларининг барқарорлашишига хизмат қилади.

Шунингдек, инфляцияни пасайтирувчи мазкур омиллар, ўз навбатида, миллий валюта девальвациясининг ички нархларга салбий таъсирини юмшатиш имконини беради.

Ўз ўрнида, банк ички валюта бозорига интервенциялари олтин-валюта захиралари нейтраллиги тамойили асосида алмашув курсининг фундаментал трендига таъсир кўрсатмаган ҳолда амалга оширилади.

Пул-кредит шароитлари

Март-апрель ойларида банк тизимида ликвидлик даражаси Марказий банк томонидан ўтказилган пул-кредит операциялари таъсирида шаклланиб, банк тизими барқарорлигини таъминлаш учун етарли даражада бўлди.

Новые курсы валют в Узбекистане - Sputnik Ўзбекистон
Доллар ва евронинг расмий курси кескин кўтарилди

Пул-кредит операцияларидан тижорат банкларига ҳам ликвидлик тақдим этиш ҳам ортиқча ликвидликни жалб қилиш мақсадида фойдаланилиши банк тизимида ликвидликнинг бир маромда қайта тақсимланишига ва пул бозоридаги фоиз ставкаларининг Марказий банк фоиз коридори доирасида шаклланишига хизмат қилди.

Март ойида пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставка 16,0 фоизни ва апрель ойининг ўтган даврида 16,6 фоизни ташкил этди.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари қолдиғи 10,2 фоизга (714 млрд. сўмга) ошган бўлса, хорижий валютадаги муддатли депозитлари қолдиғи 1,2 фоизга (67 млрд. сўмга) камайди.

“Ўз навбатида, инфляция даражасининг пасайиши шароитида асосий ставканинг туширилиши иқтисодиётда реал фоиз ставкалар ижобийлигини ва миллий валютадаги депозитларнинг жозибадорлигини сақлаб қолишга хизмат қилади”, — дея таъкидланади хабарда.

Ноаниқлик ва хатарлар

Коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсир кўлами ва давомийлиги бўйича ноаниқлар сақланиб қолмоқда.

Ташқи иқтисодий шароитларининг ёмонлашиши шароитида мамлакатимизга кириб келадиган трансчегаравий пул ўтказмалари миқдори йил якунлари бўйича ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада қисқариши кутилмоқда.

Бунда, Марказий банк ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляциянинг омиллари ва хатарлари хусусиятини чуқур ўрганишда давом этади ҳамда инфляция прогноз динамикасининг шаклланишидан келиб чиқиб асосий ставка даражаси бўйича тегишли қарорларни қабул қилиб боради.

Янгиликлар лентаси
0