Марказий банк валюта бозоридаги вазиятни изоҳлади

© Sputnik / Игорь Самойлов / Медиабанкка ўтишДеньги
Деньги - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Таъкидланишича, сўм бир қатор омиллар туфайли қадрсизланмоқда. Улар орасида экспорт, пул ўтказмалар ҳажмининг қисқариши ва бошқа сабаблар мавжуд.

ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки валюта бозоридаги жорий ҳолат юзасидан ахборот берди.

“Жорий йил апрель ойида ички валюта бозорида сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан алмашув курси тебранувчанлигининг ошиши кузатилди”, - дея тан олган Марказий банк.

Хабарда ёзилишича, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси ой бошига нисбатан 1,8 фоизга ошиб, 9 762 сўмни ташкил этди (йил бошига нисбатан 2,7 фоизга).

Нега бундай бўлмоқда

Сўмнинг биржа курсининг ўзгариши талаб ва таклифнинг ички ва ташқи омиллари таъсирида, биринчи навбатда, жорий операциялар ҳисобварағи ўзгариши асосида шаклланади.

Коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича ҳамкор давлатларда ва республикада амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида савдо ҳамда инвестициялар билан боғлиқ операцияларнинг секинлашиши, ўз навбатида, импорт-экспорт ҳажмларининг қисқаришига ва мос равишда ички валюта бозорида фаолликнинг пасайишига олиб келди.

Март ойида экспорт тушумлари ҳажми олдинги ойга нисбатан 10 фоизга камайди.

Карантин чоралари ва иқтисодий фаолликнинг секинлашиши, шунингдек, Россия ва Қозоғистонда миллий валюталар курсининг девальвацияси туфайли трансчегаравий пул ўтказмаларида ҳам пасайиш тенденцияси кузатилмоқда.

Март ойида мамлакатга кириб келган пул ўтказмалари ҳажми 296 млн. долларни ташкил этиб, февраль ойига нисбатан 23 фоизга пасайган бўлса, апрелнинг дастлабки 8 иш кунида март ойининг мос даврига нисбатан 3 баробарга қисқарди.

Булар жисмоний шахслар билан операциялар сегментида сўмнинг алмашув курси бўйича маълум нисбатан кутилмаларнинг шаклланишига олиб келди.

Март ойидан бошлаб аҳоли томонидан хорижий валюта сотиб олиш ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши кузатилмоқда.

Хусусан, март ойида жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ҳажмининг ойлик ўсиши 45 фоизни ташкил этган бўлса, апрелнинг дастлабки 8 иш кунида сотиб олиш ҳажми ўтган ойнинг мос даврига нисбатан 28 фоизга кўпайди.

Юқоридаги омиллар, шунингдек, асосий савдо ҳамкорлар миллий валюта курсларининг сезиларли даражада қадрсизланиши натижасида ички валюта бозорида миллий валюта курсининг маълум даражада қадрсизланиши ва шунга мос равишда сўмнинг асосий савдо ҳамкорлар валюталарига нисбатан реал эффектив алмашув курси тафовутининг қисқариши кузатилмоқда.

Хусусан, март ойидан бошлаб Россия рублининг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 10,3 фоизга, қозоқ тенгеси – 12 фоизга, турк лираси – 7,6 фоизга ва қирғиз соми – 11,2 фоизга қадрсизланди.

Кейин нима бўлади

Марказий банк сўм алмашув курсининг қадрсизланиши эҳтимолини паст даражада баҳоламоқда. Дастлабки прогнозларга кўра, қисқа муддатли даврда сўм алмашув курси маълум бир кичик ўзгаришлардан кейин ўзининг фундаментал трендига яқин даражада шаклланади.

МБ тижорат банклари кассаларида конверcия операцияларини амалга ошириш учун етарли миқдорда нақд хорижий валюта мавжудлигини ва барча банкноталар дезинфекция қилинганлигини маълум қилган.

Банкларнинг айирбошлаш шохобчалари одатдаги режимда ишламоқда ва нақд хорижий валютани сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чеклов ва тўсиқлар ўрнатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда доллар ва евронинг расмий курси кескин кўтарилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар лентаси
0