ТОШКЕНТ, 13 апр - Sputnik. Коронавирус инфекцияси чекувчиларга қандай таъсир қилиши ҳақида Sputnik радиосига берган интервьюсида Блохин номидаги Онкология маркази профилактика бўлими бошлиғи Владимир Левшин айтиб ўтди.
Коронавирус инфекцияси келтириб чиқарадиган касалликнинг кечиши оғирлиги нуқтаи назаридан - чекиш қўшимча хавф омилидир, деди Sputnik радиосига берган интервьюсида Н.Н. Блохин номидаги Миллий онкология илмий текшириш маркази профилактика бўлими бошлиғи Владимир Левшин.
Унинг сўзларига кўра, вақти-вақти билан чекиш коронавирусдан ҳимоя қилади деган хабарлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Олимлар ҳамон коронавирус келтириб чиқарадиган COVID-19 касаллиги ҳақида маълумотларга тўлиқ эга эмас. Аммо ҳозир ишонч билан айта оламизки, агар тажрибали чекувчи одам вирусни юқтирса, унинг соғлиғи чекмайдиган одамнинг танасидан фарқли ўлароқ жиддийроқ оқибатларга дуч келади.
"Ҳозирда шундай фейклар пайдо бўляптики, гўё чекиш коронавирусдан ҳимоя қилади. Бу, албатта, бемаъниликдир. Чекиш коронавирусдан сақламайди, аксинча чекувчиларнинг ўзларида мавжуд касалликлари орқали коронавирус инфекцияси кечишини оғирлаштиради. 5-6 йилдан бери чекадиган ҳар қандай одам, камида сурункали бронхит билан касалланган. Сурункали бронхит мавжуд бўлса, пневмонияга чалиниш хавфи бир неча бор ортади", - дея тушунтирди Владимир Левшин.
Чекиш инфекциялардан ҳимоя қила олмаслиги ҳақида барча далиллар борлигига қарамай, бу фейк йўқолмаяпти, бунинг сабаби эса, шифокорнинг фикрича, фақатгина психологик омил.
"Ашаддий чекувчилар бор, улар кўп маротаба уринган бўлса ҳам бу зарарли одатни ташлай олмаяптилар. Малакали ёрдам учун мурожаат қилишни эса хоҳламайдилар. Улар чекишни ташлай олишларига ишонмайдилар. Уларнинг қарамлиги умрбоддир. Улар ўзларини оқлаш учун шундай нарсаларни ўйлаб топмоқдалар", - деб ҳисоблайди Владимир Левшин.