ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. Москвада 8 апрель кечқурун “Третий возраст” номли қариялар учун хусусий пансионатда ёнғин юз берди.
ФВВ ходимлари келишига қадар биринчи бўлиб яқин атрофдаги уйларда истиқомат қилувчи кишилар, шу жумладан, пансионат олдида ётоқхонада яшайдиган Ўзбекистон ва Тожикистондан келган мигрантлар ёрдамга келишди.
“Ёнғин тахминан соат 21.00да бошланди. Биз гумбурлаган овоз эшитдик, кейин “Ёрдам берила” деган ҳайқириқлар эшитилди ва тутун бошланди. Биз ҳудудга югурдик, ойналарни синдириб, отахон ва онахонларни олиб чиқдик, айримлари ўзи мустақил юра оламаган”, - дея эслайди самарқандлик Азизбек.
Ўзбекистонликнинг сўзларига кўра, ишчилар уйда бўлган арқон ва нарвонларни олиб, пенсионерларни олиб чиқишга шошилишди.
“Қўрқинчли бўлди, лекин нима қиламиз? Одамларни ойна орқали чиқардик. Қоронғи эди, телефон чироғи билан ёритдик”, - дейди мигрант.
Ёнғин бошланганда ётоқхонда 20 нафардан ортиқ мигрант бўлган.
“Бир, бир ярим соат ичида бинодан 30 киши, ёки ундан кўпини олиб чиқишга муваффақ бўлдик”, - дейди самарқандлик Нурик.
Москва бўйича Тергов қўмитаси бош бошқармасида кексаларни эвакуация қилишда ёрдам берган фуқароларни қайд этилишини Sputnik’га ишонтиришди.
“Идорамиз ёнғин вақтида ёрдам берган кишиларни қайд этади. У ерда ҳақиқатдан ҳам бефарқ бўлмаган кишилар ўзларининг фуқаролик позициясини намойиш этиб, пансионат меҳмонларини эвакуация қилишга ёрдам бердилар. Ҳозир терговчилар гувоҳлар шахси аниқланмоқда ва гувоҳ сифатида сўроқ қилмоқда”, - деди Москва ТҚ бош бошқармаси вакили Юлия Иванова.
Азизбек ўз дўстларим билан қаҳрамонлик кўрсатдим, деб ҳисобламайди. Унинг айтишича, улар ўрнида бошқа одамлар ҳам худди шундай қилишган - қарияларни қутқаришга шошган бўларди
“Бизга медал ва ташаккурлар керак эмас – яхшиси иш бўлса. Оила ва болаларни боқиш керак. Ҳозир карантин, деярли ҳаммамиз иш пулисиз қолдик”, - ачиниб айтади у.
Айни вақтда синган ойналар ва атрофдаги ахлат қариялар уйидаги бўлган ёнғинни эслатмоқда, ИИВ ходимлари пансионат ёпилган эшиклар ортида ишламоқда.
Москва бўйича ФВВ бош бошқармаси матбуот хизматида пансионатдан кишиларни эвакуация қилиш ишларида мигрантлар иштирок этганини Sputnik’га тасдиқлай олишмади.
“Бундай маълумот бизда йўқ”, - деб таъкидлашди агентлик мухбирига.
Тергов версиясига кўра, электр симлари ва иситиш қозони носозлиги сабабли ёнғин чиққан. Тутун бинони қамраб олганда, пансионатда 50 нафардан ортиқ киши бўлган. Бунинг оқибатида уч аёл ва бир эркак ҳалок бўлди. Ўндан ортиқ жароҳатланганлар касалхонага ётқизилди.