ТОШКЕНТ, 9 апр — Sputnik. Саудия Арабистонида қироллик оиласининг 150 нафарча аъзоси коронавирусга чалинганлиги тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда The New York Times нашри қироллик оиласига яқин манбага таянган ҳолда хабар берган.
Хабарда айтилишича, қироллик сулоласи рўйхатдан ўтказилган Қирол Фейсал номидаги касалхонада ҳозирда 500та VIP-ўриндар тайёрлаб қўйилган.
Нашр хабарига кўра, Ар-Риёд губернатори лавозимини эгаллаб турган шаҳзодалардан бири ҳозирда жонлантириш бўлимида.
Таъкидлаб ўтамиз, Саудия Арабистони қироли ҳозирда 84 ёшда. Қирол Қизил денгиздаги оролда жойлашган саройда ўз-ўзини изоляция қилиш қарорини қабул қилган.
Меросхўр шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон Ал Сауд ва барча вазирлар ҳам "самоизоляцияда".
Қиролликнинг барча йирик шаҳарлари карантинга олинган, уйдан фақатгина озиқ-овқат ёки тиббий ёрдам керак бўлганида чиқиш мумкин.
Айни вақтда, Саудия Арабистонида янги турдаги COVID-19 коронавирусига чалинганлар сони 2,9 мингдан ошган, 41 киши вафот этган.
Бутун дунёда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1,5 миллион кишидан ошди, 88 мингга яқин инсон пандемия қурбонига айланган, 332 мингдан зиёди соғайган.