ТОШКЕНТ, 9 апр - Sputnik. Қозоғистон муфтияти 10 апрел куни турли давлатлардаги мусулмонларни инсониятни коронавирус пандемиясидан халос этишни сўраб, умумий ибодатни амалга оширишга чақирмоқда.
Бу ҳақда Татаристон мусулмонлар диний бошқармаси сайтида хабар берилган.
"Қардош халқнинг маънавий етакчиси ислом оламининг барча диний арбоблари, мадраса домлалари, Қуръон ўқийдиганлар ва бутун мусулмон уммасини "Биз - биргамиз, бизнинг дуодаги мақсадимиз ягона" шиори остида бир вақтнинг ўзида барча инсонлар ҳақига дуо қилишга даъват қилди", - деб ёзиб қолдирган Татаристон муфтийси Комил ҳазрат Самигуллин, шунингдек, у ўзи ҳам ушбу акцияга қўшилаётганини таъкидлаган.
Умумий ибодат келаётган муборак жума куни, 10 апрелда, пешин намозидан сўнг ўқилади.
Эслатиб ўтамиз, сал олдин дунёнинг турли мамлакатларида коронавирус туфайли жума намозлари бекор қилинган эди.
Хусусан, Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов республикада эпидемиологик ҳолат барқарорлашмагунига қадар жума намозини уйда ўқишга рухсат берган эди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясидан беморланганлар сони 555 кишига етди, 3 киши вафот этди, 30 киши соғайиб, реабилитацияга юборилди.