ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШга Ой захираларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи фармонга имзо чекди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар қилмоқда.
“Тегишли қонунчиликка биноан америкаликлар коинотдаги захираларни тижорий тадқиқ қилиш, қазиб олиш ва фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак”, - дейилган ҳужжатда.
Бундан ташқари, фармонда келтирилишича, коинот юридик ва жисмоний томондан инсон фаолияти учун ўзига хос ҳудуд ҳисобланади ва АҚШ уни умумий мулк деб ҳисобламайди.
“Коинот юридик ва жисмоний томондан инсон фаолияти учун ўзига хос ҳудуд ҳисобланади, ва Америка Қўшма Штатлари унга умумий мулк сифатида қарамайди”, - дейилган Оқ уй тарқатган хабарда.
Фармонда таъкидланишича, АҚШ бу йўналишда халқаро кўмакка эришмоқчи. Ҳужжатга кўра, Давлат департаменти ва бошқа вазирлик ва идоралар Ойдаги ва бошқа само жисмларидаги захираларни қазиб олиш, ишлаб чиқиш ва фойдаланиш тўғрисидаги икки томонлама ва кўп томонлама келишувларни тузиш учун халқаро даражада музокаралар ўтказишлари лозим. 180 кун ичида давлат котиби амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот бериши шарт.
Ойда ва бошқа само жисмларида давлатларнинг фаолияти ҳақидаги келишув БМТ бош ассамблеяси томонидан 1979 йилда қабул қилинган. Келишувда Ойни тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланишга бутун инсоният ҳақли экани ва у дунё давлатлари манфаати йўлида амалга оширилиши таъкидлаб ўтилган. Ойни тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи давлатлар ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тамойилларига асосланиши белгиланган.