ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Тошкент шаҳрининг 11 та туманидаги 514 та маҳалла қошида махсус назорат масканлари ташкил этилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар қилмоқда.
Бундай масканларда фаолият юритиш учун маҳалла раиси, ҳудудга қарашли профилактика инспектори ва унинг ёрдамчиси, Фидокор ёшлар гуруҳи аъзолари ҳамда маҳалла фаолларидан иборат гуруҳ тузилди.
“Ҳар бир гуруҳнинг бош вазифаси – карантин шароитида маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқароларимизнинг ўта зарурат юзага келгандагина (керакли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон сотиб олиш) кўчага чиқишларини ҳамда ниқоб тақмасдан ҳаракатланмасликларини тўлиқ назорат остига олишдир”, - дейилган хабарда.
“Жамоатчилик назорати маскани” аъзолари туну кун маҳаллаларда юриб, фуқароларнинг заруратсиз ташқарига чиқмаслиги ва карантин тартиб-қоидаларига амал қилишини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, 6 апрелдан COVID-19 туфайли ўзини яккалаш ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилди. Бу фуқаролар учун қатор чекловларни назарда тутади. Шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади.