ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров Тошкент кўчаларида нега ҳарбий техникалар пайдо бўлганини тушунтирди.
Унинг АОКАдаги брифингда маълум қилишича, ҳар куни пойтахт кўчаларида, вилоят ва туман марказларида, аҳоли яшаш пунктларида фуқароларни карантин қоидаларига риоя қилишлари, бесабаб кўчаларга чиқмасликлари бўйича ҳарбий техникалар ёрдамида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Тарғибот ишларига жалб қилинган БРДМ-2 зирҳли техника базасидаги ЗС-82 овоз узаткичли мослама айнан тарғибот ва мунозаралар ўтказишга мўлжалланган.
Унинг овоз узатиш қуввати 6 км масофагача етади. Шаҳар ва аҳоли яшаш пунктларида ҳар бир кўчага кириб-чиқиш каби ишларни енгиллаштириш мақсадида ушбу техникалар жалб қилинмоқда.
“Аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима гаплар тарқалишига асло йўл қўймаслик лозим. Шундай экан, кўчаларда миллий армиянинг ҳарбий техикалари ва ҳарбий хизматчиларининг ҳаракатланишини турли хил муҳокамаларга ва ваҳималарга йўйиш ўринсиз”, - деди Баҳром Зулфиқоров.