ТОШКЕНТ, 2 апр — Sputnik. Ўзбекистондаги корхоналар кунига 2,6 млн донадан зиёд тиббий ниқоб ишлаб чиқармоқда. Бу ҳақда “Ўзтўқимачиликсаноат“ уюшмаси хабар қилмоқда.
“Ниқоблар ишлаб чиқаришнинг кунлик ҳажми 2 млн 640 минг донани ташкил этмоқда. Шу билан бирга тиббиёт халатлари (комбинезонлар)ни ишлаб чиқариш кунлик 9.0 минг донани ва тиббиёт докалари 398 минг погон метрни ташкил этмоқда”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, ниқоблар республиканинг деярли барча вилоятларида ишлаб чиқарилмоқда Энг кўп ниқоб Тошкент вилоятида (404 минг дона), Тошкент шаҳрида (283 минг дона), Қашқадарё вилояти (232 минг дона) ишлаб чиқарилмоқда.
Ҳозирда бу кўрсаткичларни 5 млн донага ошириш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида тиббий ниқоблар ва халатларни ишлаб чиқариш кунига 5 млн донага етказиш бўйича бир қатор топшириқ берган эди.