ТОШКЕНТ, 31 мар - Sputnik. Айни дамда Россия Федерациясида тиббиёт йўналишида ўқиётган талабалар тўпланиб, ўқишни Ўзбекистонга кўчирмоқчи эканликларини юзасидан ҳукуматга мурожаат қилишмоқда.
“Мен Россия Федерациясида тиббиёт таълим йўналишида ўқийман. Хабаримиз бор, 16 мартдан Ўзбекистонда карантин эълон қилинди. Бу ердаги ўзбекистонлик талабалар билан мурожаат қилишга қарор қилдик. Ҳозир бу ерда ҳам касаллар бор. Биз ўқишимизни Ўзбекистонга кўчирмоқчимиз. Шунга ёрдам беришингизни сўраймиз!” – дейилади талабалар мурожаатида.
Шунингдек, ушбу масалада Қозоғистондаги Мухтор Авезов номидаги университет талабаси ҳам мурожаат қилиб, ўқишни кўчиришда ҳукуматдан амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқовнинг маълум қилишича, қўшни давлатлардан ўқишларни кўчириш учун 7-февралдан 15 мартгача ҳужжатлар қабул қилинган.
Шунингдек, ўқишларни кўчириш бўйича комиссия июл ойининг 15 санасидан яна ўз фаолиятини бошлайди. Ўша вақтда фуқаролар яна ушбу масалада аризалар топшириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ичида ўқишларни кўчириш ҳақидаги саволга вазирлик "карантин тугаганидан кейин ушбу жараёнлар давом эттирилишини хабар қилган эди.