ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Рейсларини кутаётган мигрантларни тунда Домодедово аэропортидан кўчага ҳайдаб чиқаришди. Бу ҳақда журналист Галия Ибрагимова ўзининг Facebook´даги саҳифасида маълум қилди.
Журналистнинг ёзишича, тунги соат учларда мигрантлардан бири Фаррух қўнғироқ қилиб, бўлиб ўтган ҳодиса сўзлаб берган.
“Бизни аэропортдан ҳайдаб чиқаришди. Формали ходимлар келиб, неча киши эканлигимизни сўраб, ҳаммани тўплашни айтди. Бугун тунда учиб кетишимизни ваъда қилишди. Биз ҳаммани тўпладик. 300га яқин киши эди”, - дея тушунтирган тожикистонлик мигрант Фаррух.
Маълум қилинишича, мигрантлардан 200 нафари Тожикистон фуқаролари, қолганлари бошқа Марказий Осиё мамлакатларининг фуқароларидир. Мигрант тунда кўчада қолиб кетишгани, кўчада бирор жойга кетиш учун ҳаттоки такси йўқлигини айтиб ёрдам сўраган.
Расмий ваколатхоналар ушбу ҳодиса юзасидан ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, Россия аэропортларида кўплаб Марказий Осиё фуқаролари қолиб кетган. Бунга коронавирус туфайли мамлакат чегаралари ёпиқлиги ва мунтазам парвозлар бекор қилингани сабаб бўлди.
Новосибирск аэропортида қолиб кетган фуқаролар Ўзбекистонга олиб келинди
Ўзбекистон хориждаги фуқаролари ватанга қайтариш учун қатор чартер рейсларни амалга оширмоқда. Москванинг Внуково аэропортида чартер парвозини кутаётган ўзбекистонликлар бор. Внуково аэропорти раҳбарияти томонидан ўзбекистонликларнинг вақтинчалик туришлари учун “B” терминали ажратилган, ушбу қисм тиббий пункт, ҳожатхона, иссиқ овқат ва мебел жиҳозлари билан таъминланган. Элчихона томонидан Ўзбекистон ҳукумати маблағи эвазига, ушбу йўловчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланган вақтинчалик яшаш жойи ҳам таклиф қилинган.