ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Лойиҳа “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мантиқий давоми ҳисобланади.
Ҳужжат пандемиянинг мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган навбатдаги имтиёзлар, преференциялар ва бошқа муҳим чора-тадбирларни назарда тутади.
Мирзиёев фармон лойиҳасига ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотларини кўпайтириш ва нархлари ошишига йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағлари камайиб кетишининг олдини олиш, уларга қўшимча солиқ имтиёзлари тақдим этиш каби бир қатор аниқ чораларни киритиш зарурлиги ҳақида масъулларга топшириқ берди.
Таъкидланишича, фармон лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган эди.