ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Россия Бош вазири Михаил Мишустин коронавирус пандемияси туфайли Россия чегарасидан ҳаракатни чеклашни буюрди. Тегишли ҳужжат ҳукумат сайтида эълон қилинган.
Гап автомобиль, темирйўл, пиёда, дарё ва чегараларда жойлашган аралаш пунктлар, шунингдек, Россия-Беларусь давлат чегарасидаги қуруқликдаги ҳудуд ҳақида бормоқда.
Ушбу таъқиқ мамлакатдан чиқиб кетаётган дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари, фельдъегерлар ва дипломатик алоқалар курьерлари, шунингдек расмий делегациялар аъзоларига жорий этилмайди.
Халқаро қатновларни амалга оширувчи юк автомобиллари ҳайдовчилари, дарё кемалари экипаж аъзолари, халқаро темирйўл қатновининг поезд ва локомотив бригадалари Россия чегараларини кесиб ўтишда давом этаверади.
Бундан ташқари, яқин қариндоши вафоти туфайли чегарани кесиб ўтаётган, Россиянинг асосий қисмига ёки аксинча ҳаракатланаётган Калининград вилояти аҳолиси, шунингдек, Донецк ва Луганск халқ республикаларида доимий истиқомат қилувчи Россия фуқароларига ушбу таъқиқлар жорий этилмайди.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни Хитойдан тарқалган янги турдаги COVID-19 коронавирус инфекцияси эпидемиясини пандемия, деб эълон қилди. БССТ тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйича 510 мингдан зиёд киши ушбу вирусни юқтирган, 23,5 минг киши вафот этган.
Россияда коронавирусга чалинганлик бўйича 1264 ҳолат қайд этилган (шулардан 817 нафари Москвада), 49 киши соғайган, тўрт нафари вафот этган.
Барча регионларда юқори тайёргарлик ҳолати амал қилмоқда. 30 март кунидан 5 апрелгача бўлган муддатда дам олиш ҳафталиги эълон қилинган, оммавий тадбирлар таъқиқланган, савдо-кўнгилочар ва маданий-ҳордиқ муассасалари ёпилмоқда, 65 ёшдан катта кишиларга уйдан чиқмаслик тавсия этилган. 27 март кунидан Россия барча мамлакатлар билан авиақатновларни тўхтатди, аммо бу таъқиқ чет элдан қайтарилаётган россияликларга жорий этилмайди. Шунингдек, чегарадан поездлар қатнови тўхтатилган.