ТОШКЕНТ, 28 мар - Sputnik. Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар
COVID-19 тарқалиши хавфи туфайли 28-март кунидан эътиборан Тошкент кўчаларини дезинфекция қилишга киришди.
"...коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Миллий гвардия бўлималари махсус техникаларини жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳри бўйлаб – кўчалар, одамлар гавжум бўладиган жамоат жойлари, савдо марказлари, давлат идоралари ва ташкилотлари атрофи ҳамда пойтахтга кириш ва чиқиш постларида дезинфекция ишларини амалга оширишга киришдилар", - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 104 нафарни ташкил этмоқда.
Шунингдек, ҳозирда эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда, фуқаролар ўзаро мулоқот чоғида икки метр масафо сақлаши шарт этиб белгиланган. Кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланишига чеклов ўрнатилади. Бу таъқиқ бир вақтда ҳаракатланаётган оилага нисбатан қўлланилмайди.
Республика ҳудудидаги барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан ресторан, кафе, ошхона, чойхона, сингари тадбиркорлик субъектлари (уйга етказиб бериш хизмати бундан мустасно) мамлакатдаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашмагунига қадар фаолиятини тўхтатмай, давом эттираётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан кескин жазо чоралари кўрилмоқда.