ТОШКЕНТ, 26 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат аввалида икки давлат раҳбарлари баҳорий Наврўз айёми муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, энг эзгу тилакларини билдирдилар.
Мирзиёев, шунингдек, Ашраф Ғанини Афғонистон президенти этиб сайлангани билан табриклади ҳамда унга мамлакатда барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш борасидаги устувор вазифаларга эришишда катта муваффақиятлар тилади.
Ашраф Ғани, ўз навбатида, табрик учун, шунингдек, Афғонистонда тинчликка эришиш ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклаш юзасидан кўрсатаётган кўмаги ва фаол саъй-ҳаракатлари учун Ўзбекистон раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди.
Афғонистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан икки йил аввал ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси муҳим воқеа - афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича сиёсий жараённи бошлаш, манфаатдор томонлар мулоқотининг ўзаро мақбул шакл ва механизмларини излашда "бошланғич нуқта" бўлгани қайд этилди.
Қайд этилишича, мулоқот чоғида минтақада янги турдаги коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ жорий вазият ва кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
"Президент Ашраф Ғани Ўзбекистон коронавирусга қарши курашишда кўрсатаётган амалий кўмаги учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Мамлакатимиз мутахассислари томонидан бунёд этилган ва эксплуатация қилинаётган "Ҳайратон - Мозори Шариф" темир йўли, шунингдек, электр энергияси, озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари етказиб берилаётгани ҳамда савдо ва гуманитар юкларнинг юртимиз ҳудуди бўйлаб транзити ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга оширилаётгани ва кўрсатилаётган бошқа ёрдам ушбу пандемияга қарши курашишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди", - дейилган хабарда.
Давлат раҳбарлари ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиришни давом эттириш ҳамда икки мамлакатдаги санитар-эпидемиологик ҳолатни назорат қилиш борасида қатъий чоралар кўриш муҳимлигини қайд этдилар.
Президентлар икки томонлама, аввало савдо-иқтисодий, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ҳам кўриб чиқдилар, шунингдек, халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Афғонистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилган қўшма инфратузилма лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олинди.