ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда чиқиндиларни титкилаб, тиббий ниқобларни йиғиб олаётган номаълум фуқаронинг шахсига ойдинлик киритилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати маълум қилди.
Жорий йилнинг март ойларида ижтимоий тармоқларда чиқиндиларни титкилаб, яроқсиз ҳолда ташлаб юборилган тиббий ниқобларни териб олаётган шахс акс этган видеоролик тарқалди. Видеороликда ушбу шахсни икки нафар номаълум фуқаро суҳбатга тортишга уринишган ва ҳолатни уяли алоқа воситаси орқали видеотасвирга олишган.
Чиқинди тўкиш жойидаги тиббий юз ниқобларини йиғаётган шахснинг тасвирига ойдинлик киртиш мақсадида ИИВ ахборот хизмати ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилган.
Натижада, ушбу ҳолат жорий йилнинг 8-март куни Сирдарё вилояти Гулистон туманида ўткинчи йўловчилар томонидан тасвирга олинганлиги маълум бўлган.
Видеотасвирдаги фуқаронинг шахсига ойдинлик киритилганида, унинг руҳий носоғлом эканлиги аниқланган. Сўнг унинг оила аъзолари билан тушунтириш-профилактик суҳбатлари олиб борилган.
Фуқаро яшаётган ҳудуд маҳалла раисининг маълум қилишича, фуқаро руҳий носоғломлиги бўйича рўйхатда туриб, 2 гуруҳ ногирони ҳисобланади.
"У маскаларни йиғиб маҳаллага сотмаган, шунчаки тиббий ниқобларни макулатурага топшириш учун йиққан," – дейди маҳалла раиси.
ИИВ ахборот хизмати фуқаролардан тўлиқ ишлатилган юз ниқобларини имкон қадар яроқсиз ҳолатга келтириб, сўнг чиқиндиларга ташлашни тавсия қилмоқда.