Ирина Овчинникова
Байкал кўли ҳақида гапиришганда, кўпинча Иркутск, Листвянка, Ольхон оролини назарда тутишади. Аммо дунёдаги энг чуқур кўл соҳилларининг аксарият қисми Бурятия республикасида жойлашган. Бунда денгизга кириш қисми - маҳаллий аҳоли Байкал кўлини айнан шундай атайди - қия бўлиб, сув 25 даражагача қизийдиган қумли пляж ва кўрфазларга эга. Аммо муз қоплаган кўл ҳам томоша қилишингизга арзийди.
Нега Байкал қишда поезд каби гувиллашию, ёзда ундан қандай ифор таралиши, қандай қилиб бу ерда байкал азимкор руҳи билан "мулоқотга киришиш" мумкинлиги ва брусника бутасини қаердан топса бўлиши ҳақида - РИА Новости материалида ўқинг.
Шишадек муз ва кўл деви
"Кўпчилик Байкал кўлининг шаффоф музлари тасвирланган фотосуратларни кўриб, кўлнинг ҳамма жойи шундай бўлса керак, деб ўйлашади, аммо бу ундай эмас",- дейди маҳаллий турфирмалардан бирининг ходими Валентин. -
Биз гўзал суратлар олиш учун келмаганмиз, шу боис жанубга томон - Танхой қишлоғига йўл олдик.
Улан-Удэдан чиқилганда йўл тахминан икки соатни олади. Йўл довон бўйлаб ўтган бўлиб, уларни тепасида маҳаллий аҳоли орасида кўл девига ҳадя келтириш - яъни "бурханлаш" одати сақланиб қолган. Одатда бу танга ёки бирор ширинлик (конфет) ирғитиш ёки шунчаки ерга сув сепишдан иборат бўлади.
"Бу қадимий шаман урф-одатларининг бир қисмидир, - дейди Дарима исмли гид. - Аммо кўпинча бу одатга буддавийлар, православлар ва ҳатто атеистлар ҳам амал қиладилар. Қаттиқ иқлим (кескин континентал, яъни қишда - 40, ёзда эса + 40) худдики кўнгилсизлик олдини олиш учун шу хилда ўлпон тўлашга мажбур этади".
Бу ерда ҳамма нарсада худди шундай динлар ва мистика(тасаввуф) қоришмасинини кузатиш мумкин. "Аввал бирор масала билан шаман олдига, кейин лама ёнига борамиз, кўнгилни тўқ қилиш учун насроний руҳонийига ҳам мурожаат қилишимиз мумкин", - дейди кулиб маҳаллий аҳоли.
Суҳбат билан бўлиб вақт ўтгани сезилмайди ва мана Байкал ҳам кўриниш берди. Энди йўл қирғоқ чизиғи бўйлаб давом этмоқда, лекин бизни кўлдан темир йўл - ўша машҳур Транс-Сибир ажратиб туради.
"Мен сайёҳларга Улан-Удэ шаҳрига келиб, Байкал кўли бўйлаб поездда Иркутскгача (ёки аксинча) ҳаракатланишни маслаҳат бераман. Албатта, кундузи, кечасимас!" - дейди Дарима. Ёзда бундай саёҳат пайтида поезд ойнасини очиб қўйиш жуда муҳим: ҳаводан барра бодринг ва ҳатто тарвуз ҳиди келади.
Сароблар ва муз уюмлари
Қирғоқда тўхтаб, 30 сантиметр қалинликдаги қорга чўкиб, муз томон юрамиз – ҳамма ёқда қор уюмлари.
Қайсидир сонияда, бу ер гўё идеал даражада текис даладай туюлади, аммо муз уюмлари - торослар Байкал кўлида турганимизга ишонч ҳосил қилишга ёрдам беради. Бу ерда баландлиги ўн метргача етадиган муз қояларини кўриш мумкин.
"Гап шундаки, муз фақатгина битта қатламдан иборат эмас, у турли зичликдаги қисмлардан ташкил топган бўлиб, улар бир-бирига нисбатан силжийди. Музлар тўқнашган жойларда торослар ҳосил бўлади ва бу жараёнда шундай баланд шовқин кузатилади-ки, яқин атрофда поезд ҳаракатланяптими, деб ўйлайсиз", - тушунтиради Дарима.
Катта муз бўлаклари - торт бўлакларига ўхшайди, бўлинган жойларида турли: феруза, шаффоф ва ҳатто лойқалашган ранглардаги қаватларни кўриш мумкин. Улар ялтиллайди - об-ҳаво масаласида омад кулиб боқди - қуёш чарақлаб турибди. Ростини айтганда, омадни ҳеч қандай алоқаси йўқ: Бурятияда йилда 300 кундан кўп мусаффо осмонни кузатиш мумкин.
Байкал ўзига хос саробларга эга - ёруғликнинг бошқача синиши туфайли, қарама-қарши қирғоқ аслидан кўра яқинроқ кўринади. Айтишларича, бу бир нечта саёҳатчиларни алдаган. Бирига Листвянкагача тўрт-беш километрдан сўнг етиб олиш мумкиндек, туюлган. Маҳаллий яшовчиларнинг аслида масофа у ўйлаётганидан ўн баравар кўп, деган гапига сайёҳ ишонмаган. У муз устидан боришга аҳд қилган, аммо бўрон кўтарилиб, сайёҳ адашиб кетган ва деярли бир суткадан сўнг жаҳлдор бир аҳволда қайтиб келган. Ҳеч ким билан гаплашишни истамаган.
Шунингдек, бу ердан, Бурятиядан Иркутск томонга қараганда, пляжлар кўринади. Бу иллюзиядир – нарида фақат қоялар ва жарликлар мавжуд.
Кечув жойи
Байкалга, айнан Танхой қишлоғи ҳудудига ташриф буюришнинг сабаби бор - учта кечув жойидан биттасини қолдиқлари мана шу қирғоқда жойлашган.
XX аср бошларида бир неча йил давомида, унда ҳали Транс-Сибир темир йўли қурилиши охирига етмаганди (кўлни эгиб ўтувчи энг қийин қисмлардан бири қолган эди), иккита улкан музёрар кема - "Байкал" ва "Ангара" сув тўла темир йўл составини етказиб турган.
Байкал қаттиқ музлаганида, муз устига темир йўл ётқизилган – вагонлар отлар ёрдамида тортиб ўтказилган. Олдинги порт ҳозир - учта тўкилишни бошлаган тўлқинқайтаргич бурундан иборат, аммо 1904-1905 йиллардаги рус-япон уруши пайтида улар қуроллар ва озиқ-овқатни қабул қилишган.
Бундан бир неча йил олдин, бу ердан унчалик узоқ бўлмаган жойда, "Байкальская переправа" тарихий-ёдгорлик мажмуаси очилган.
Брусника буталари
Танхойда, шунингдек, Байкал биосфера қўриқҳонасининг марказий идораси жойлашган (ЮНЕСКО қўриқхоналари дунё тармоғига киритилган). Бу ерда баҳайбат кедрлардан ташқари, яна минг хилдаги ўсимликларни, ҳайвонлардан - қўнғир айиқлар, кийиклар, лосьлар ва ўнлаб турдаги тўнғизларни учратиш мумкин. Буларнинг барчасини учта экологик сўқмоқлардан бири бўйлаб юриб, ўз кўзларингиз билан кўришингиз мумкин.
Аммо қишда уларнинг фақат биттаси - бир километрлиги очиқ бўлади. Охирида кичкина қишхона бўлиб, унинг ичида ўт қаланган печка, ёғочдан ясалган сўри ва стол бор. Овчилар тунни ўрмонда шундай шароитда ўтказадилар. Қўриқхонада эса ходим туристик гуруҳларни кутиб олади, уларни чой ва шакарда эзилган брусника билан меҳмон қилади.
Суҳбатдошнинг айтишича, бир вақтлар Москвадан келган сайёҳлар бу мевалар қайси дарахтда ўсишини кўрсатишини илтимос қилишган (яъни туристларнинг Бурятияда ажабланишлари учун яна бир сабаб пайдо бўлди).
Қўриқхона директори ўринбосари Ирина Лясотанинг сўзларига кўра, қишда ҳам ёзда ҳам волонтёрлар жуда кўп бўлади - улар учун ҳатто алоҳида турар-жой ҳам қурилган. Кўпинча Европадан, Америкадан келишади, москваликлар кам.
Байкал кўли бўйида қўриқхонанинг ташриф маркази бор, унга 2017 йил Бурятияга қилган сафари давомида Владимир Путин ҳам қадамранжида қилган (президент фотосурати энг фахрли жойда бугун).
Цивилизациядан шунчалик олис масофада технологияли стендлар, экранлар, болалар квестлари учун антураж ва фиточой ичиб, панорамали дарчалардан кўлнинг жозибадор манзарасидан баҳраманд бўлиш мумкин бўлган замонавий кафени учратиш мумкинлиги ҳатто хаёлингизга келмайди. "Ҳозир баргузин сувсарларини бориб кўрамиз, бу ерда вольер бор", - дейди гид. Оддий тўр билан ўралган ҳудуд ёки оддий ҳайвонот боғига ўхшаш масканни кўришга чоғланасиз.
Аммо адашганингиз аниқ бўлади - Гром(Момақалдироқ) ва Тучка(Булутча) тошлар ва сербутоқ тўнкалар жой олган ажойиб кенг вольерда яшашини кўрасиз. Бундан ташқари, ҳайвонларнинг шахсий твиттер-аккаунтлари ҳам бор. Уларнинг кун тартиби ҳам эркин - хоҳлаганларида дам олишади. Бу гал бизга омад кулмади - ака-сингиллар уйқуда экан.
Жониворларни уйғоқ ҳолатда кўриш - бу ерга қайтишимиз учун яна бир баҳона бўлди. Албатта, кунлар узайган, Байкал кўли узра эса енгил мева ифори таралган бир вақтни танлаймиз.
* Материални тайёрлашда ёрдам бергани учун Бурятия Республикасининг Ахборот сиёсати бўйича қўмитасига миннатдорлик билдирамиз.