ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида савдо-логистика терминали ташкил этилади. Ҳукуматнинг тегишли қарори 19 март куни қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, савдо-логистика терминалини қуриш учун “Sirdaryo savdo logistika markazi” унитар корхонасига Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги “Фаровон” МФЙ ҳудудида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри ажратилади.
Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2020-2024 йилларда – 25 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади, камида 200 та янги иш ўринлари ташкил этилади.
Давлат божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги ва “Ўздавкарантин” инспекцияси бўлимлари терминал ҳудудида бепул жойлаштирилади.
Савдо-логистика терминалида божхона, экспресс-лаборатория, фитосанитария, ветеринария, санитария-эпидимология, экологик назорат ўтказиш ва мувофиқликни баҳолаш ҳамда бошқа давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилади.