ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Ўзбекистонда депутатлар ҳукуматдан шифокорларнинг ойлигини оширишни сўрамоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабарига кўра, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Гулбаҳор Саидғаниева ва Шуҳрат Полвонов шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини ошириш, уларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ойлик маошини ошириш таклифини билдирган.
“Жумладан, юқумли касалхоналарда ишлаётган шифокорлар ойлик маошини бир неча баробарга ошириш таклиф этиляпти”, - дейилган хабарда.
Депутатларнинг фикрича, бирламчи тиббиёт муассасаларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар маошини кўтариш вақти келган.
Чунки бугун аҳоли саломатлигини сақлаш, айниқса, бутун дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган коронавирусдан одамларни асраш, ундан талафотларсиз чиқиш учун астойдил меҳнат қилаётган соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш зарур.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 13 кишига етган.