ТОШКЕНТ, 18 мар - Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус бўйича бир қатор профилактик чекловлар жорий этилди.
Хусусан, барча даволаш-профилактика муассасаларида COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича чеклов ўрнатилади;
* беморларни кўргани келган ва бошқа бегона шахсларни даволаш-профилактика муассасаларига кириши, беморларни ташхисот-даволаш ишларига боғлиқ бўлмаган шахслар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишлари тақиқланади;
* даволаш-профилактика муассасаларига келаётган беморларни тана ҳароратини ўлчаш, эпидемиологик суриштирув ва коронавирус белгиларига текшириб фильтрдан ўтказиш ташкил этилади;
* даволаш-профилактика муассасаларига кириш ва чиқишни қатъий тартиб асосида амалга оширилиши ва ички ишлар бошқармаларини жалб этган ҳолда муассасани периметри бўйлаб куну-тун қўриқланиши жорий этилади;
* Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳузуридаги вирусология лабораторияси COVID-19 коронавирус инфекциясига лаборатория таҳлилларини ўтказиш миллий референс лабораторияси деб белгиланади ҳамда Вирусология илмий-тадқиқот институти ва ҳудудий СЭОМ вирусология лабораторияларида ўтказилган таҳлиллар мусбат натижа берган ҳолларда миллий референс лабораториясида қайта текширувдан ўтказилиб, унинг натижасига асосан якуний ташхис қўйиш амалиёти жорий этилади;
* бемор ва унинг оила аъзолари, бемор билан мулоқотда бўлганларнинг шахсий маълумотлари сир сақланиши бўйича қатъий назорат ўрнатилади;
Эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келган шахслар ҳамда улар билан мулоқотда бўлганларни касалликка лабораторияда текшириш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларида кириш-чиқиш тартиби бўлган алоҳида махсус намуна олиш ва кутиш хоналари ташкил этилади, бунда, таҳлил натижаси чиққунга қадар беморларни юз ниқобини таққан ҳолда кутиб туришлари жорий этилади.