ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Қозоғистон пойтахти Нур-Султон ва Олма-Ота шаҳарлари 19 март санасидан карантинга ёпилмоқда. Бу ҳақдаги қарор президент ҳузуридаги фавқулодда ҳолатни таъминлаш бўйича давлат комиссияси томонидан қабул қилинди.
"Нур-Султон ва Олма-Ота шаҳарларида COVID-19 тарқалиши туфайли юзага келган ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, коронавируснинг Қозоғистондаги бошқа шаҳарларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида давлат комиссияси Нур-Султон ва Олма-Ота шаҳарларида қўшимча чеклов, профилактик ва эпидемияга қарши чоралар киритиш қарорини қабул қилди", - дейилади ҳукумат сайтида.
19 март соат 00.00 дан бошланадиган карантин қуйидагиларни назарда тутади:
- карантин киритилиши ва кенг кўламдаги санитария ва дезинфекция тадбирларини амалга ошириш;
- карантин ҳудуди периметрини ўрнатиш ва ундан кириш/чиқиш пунктларини аниқлаштириш;
- одамлар ҳаракатланишига, шунингдек транспорт воситалари кириш-чиқишига ҳаракатланишига чеклов қўйилиши;
- жамоат транспортининг кундузи ва кечаси ҳаракатланишини чеклаш.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмайдиган савдо марказлари фаолияти тўхтатилади.